Ҳиндистон Тиббий тадқиқотлар кенгаши (ICМР) Карнатака штатида метапневмовирус (HMPV) билан касалланган икки ҳолатни аниқлади. Бу ҳақда "Hindustan Times" нашри хабар берди.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, иккала ҳолат ҳам бронхопневмония (бронхит ва пневмония аломатлари ва белгиларини ўзида мужассамлаштирган касаллик) билан боғлиқ. Шифохонага ётқизилган икки нафар чақалоқда метапневмовирус аниқланган. Анамнезида бронхопневмония бўлган уч ойлик қизча даволанишдан сўнг чиқарилган, саккиз ойлик ўғил бола эса ҳали ҳам даволанмоқда.
Беморларнинг бирортаси ҳам мамлакатдан ташқарига саёҳат қилмаган. Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирус бутун дунё, шу жумладан, мамлакатда ҳам фаол тарқалаётганини таъкидлади.
Бироқ, ICМР ва касалликлар мониторинги дастури (IDSP) маълумотларига кўра, мамлакатда ўткир респиратор касалликлар сонининг сезиларли ўсиши кузатилмаган.
Ҳиндистонда респиратор касалликларнинг эҳтимолий тарқалишини бошқариш учун мунтазам ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Бу мамлакатга касалланиш сонининг кўпайишига тайёр бўлиш ва ҳар қандай таҳдидларга самарали жавоб бериш имконини беради.
Қирғизистонда метапневмовируснинг икки ҳолати, Қозоғистонда эса 30 кишида аниқланган. Хитойда метапневмовирусга чалиниш кескин қўпаймоқда. Касаллик Ўзбекистонда ҳам қайд этилган. Санэпидқўмитага кўра, ушбу респиратор инфекцияларнинг сўнгги лаборатория таҳлиллари натижасига кўра: 36,9 фоизида грипп вируси, 30,2 фоизида риновирус, 28,6 фоизида респиратор-синситиал вирус, 1,2 фоизида метапневмовирус ва 3,1 фоизида бошқа вируслар аниқланган. ушбу респиратор инфекцияларнинг сўнгги лаборатория таҳлиллари натижасига кўра: 36,9 фоизида грипп вируси, 30,2 фоизида риновирус, 28,6 фоизида респиратор-синситиал вирус, 1,2 фоизида метапневмовирус ва 3,1 фоизида бошқа вируслар аниқланган.