АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп амалдаги президент Жо Байденни ҳокмимиятни топширишни атайлаб қийинлаштираётганликда айблади.
"У (Байден) ҳокимиятни топширишни имкон қадар қийинлаштириш учун, мисли кўрилмаган ҳуқуқий зиддиятлардан тортиб, бемаъни фармонлар чиқаришгача, имкони доирасидаги ҳамма ишни қилмоқда — ", — деб ёзган АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Маълумки, президент Жо Байден АҚШ соҳилларининг 625 миллион акрдан (тахминан 253 миллион гектар) ортиқ ҳудудида нефт ва газни бурғулаш йўли билан қазиб олиш тўхтатилишини эълон қилган эди.
АҚШ қонунчилиги бўйича янги келган президент бу қарорни бир томонлама осонликча бекор қила олмайди.
Байден ўз қарорида 1953 йилдаги “Ташқи континенталь шельф ерлари ҳақида”ги қонунга таянган. Бу қонун президентларга бурғулашни тақиқлаш бўйича кенг имкониятлар беради, бироқ бу тақиқни бекор қилиш ваколатини бермайди.
Агар Трамп Байден қарорини бекор қилмоқчи бўлса, АҚШ Конгрессининг розилигини олишга мажбур бўлади.
Трамп мазкур қарордан ўта дарғазаб бўлганини яширмаяпти. У тақиқни имкон қадар тез бекор қилдиришга ваъда берган.
Абдуллоҳ Саййид