Парижда Франциянинг собиқ раҳбари Николя Саркозига қарши янги суд иши бошланди. Унга 2007 йилги сайловолди кампанияси учун Ливиянинг ўша пайтдаги етакчиси Муаммар Қаззофийдан 50 миллион евро олгани ҳақидаги айбловлар қўйилди.
Айбловларга кўра, Саркозига пассив коррупция, ноқонуний йўллар билан сайлов кампаниясини молиялаштириш, давлат маблағларини ўзлаштириш ва жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этиш каби жиддий жиноятлар юкланмоқда. Судда Саркозидан ташқари яна 11 киши, жумладан, уч нафар собиқ вазир ҳам жавобгарликка тортилмоқда.
Агар суд уни айбдор деб топса, Николя Саркозига 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Аммо собиқ президент бу айбловларни қатъий рад этиб келмоқда ва ўзини ноҳақ айбланаётган деб ҳисоблайди.
Шуниси қизиқки, Саркози аввал ҳам судланган. 2012 йилги президентлик сайловолди кампаниясида у қонун белгилаган лимит — 22,5 миллион евродан анча кўп, 42,8 миллион евро сарфлагани учун бир йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Сиёсий доираларда бу воқеа катта қизиқиш уйғотмоқда ва жамият суднинг якуний қарорини интизорлик билан кутмоқда.