Инсоният тарихининг барча босқичларида ўзининг алоҳида қобилияти ва истеъдоди билан ажралиб турган шахслар бўлган ва уларнинг ғоялари умуминсоний аҳамият касб этган. Мисол учун, ибтидоий жамоа тузуми даврида илк бор олов ёқишни ўрганиб, уни ўз қабиласига олиб келган одам (исми номаълум бўлсада) тарихдаги дастлабки гений шахслардан бири ҳисобланади. Олов ёрдамида одамзот ўша даврда совуқ об-ҳаводан ҳимояланиш ва ёввойи ҳайвонлар ҳужумидан омон қолиш билан бирга, унда таом тайёрлашни ўрганиш орқали цивилизациянинг ҳозиргача давом этаётган муҳим тармоғини бунёд этди.
Худди шунингдек, ўрта асрларда Италияда яшаб ижод қилган рассом Леонардо да Винчининг ҳаёти ва ижодига оид айрим фактлар билан танишиб чиқиш бизга генийларга хос хусусиятларни янада кенгроқ очиб беришга хизмат қилади. Леонардо да Винчи 1452 йил 15 апрелда Флоренциядан 35 км узоқликда жойлашган Винчи шаҳарчасида туғилган. Леонардонинг ёшлигидан расм чизишга бўлган қобилиятини пайқаган отаси уни 14 ёшида Флоренциядаги дўсти, ўша даврнинг машҳур рассомларидан Андреа дел Вероккога шогирдликка олиб боради. Флоренция бу даврда Ғарбий Европанинг энг бой ва кўплаб талантли одамлари йиғилган шаҳар ҳисобланган. Дастлаб Верокконинг устахонасида ёрдамчи рассом бўлиб ишлаган Леонардо тез орада ўзининг қобилияти туфайли Флоренциядаги энг моҳир рассомлардан бирига айланади. Бир куни Леонардо чизган расмни кўрган устози Верокко “мен бундан кейин бошқа расм чизмайман!” – деб айтади. Бу кекса рассомнинг шогирдига нисбатан билдирган юксак эътирофи эди.
Бугун Леонардо да Винчини кўпчилик унинг Мона Лиза асари орқали танийди. Мона Лиза суратда табассум қилаётгандай туюлади ва такроран қараганингизда эса аксинча, у оддий юз қиёфаси ҳолатида намоён бўлади. Портретга инсоннинг юз қиёфасидаги жонли ифодаларни усталик билан чиза олиш Леонардо да Винчининг маҳорати маҳсули эди. Эмил Золя ва Оскар Уайлд каби ёзувчилар Мона Лиза тўғрисида ёзишган. Улар Мона Лизани сирли ва хавфли аёл сифатида тасвирлаб, унинг кулгисида кўплаб пинҳоний сирлар яширинган деб таъкидлашган.
Аммо Леонардо да Винчига фақат моҳир рассом бўлгани учун гений сифати берилмаган. Чунки, юқорида таъкидлаганимиздай, ўрта асрларда Ғарбий Европа Ренессансининг (уйғониш) даврининг ўчоғи ҳисобланган Флоренцияда Леонардога ўхшаган рассомлар ва ҳайкалтарошлар етарлича топилар эди. Хўш, унда Леонардо да Винчининг бошқалардан фарқи нимада эди? У фақатгина рассом бўлиб қолмасдан ўз даврида бошқа илмларни ҳам ўзлаштиришга ҳаракат қилган олим ва мутафаккир бўлган. Хусусан, у математика, география, астрономия, муҳандислик, мусиқа ва анатомия каби кўплаб илмларни ўрганишга ҳаракат қилган. Унинг замондошлари тоғлар ва денгизлар бир хил ўзгаришларсиз доимий мавжуд бўлган деб ўйлашарди. Леонардо эса атрофимиздаги олам вақти вақти билан ўзгаришларга учрагани, бир пайтлар денгиз ости бўлган жойларнинг, кейинчалик тоғларга айланишини таъкидлаган. Шунингдек, одамлар у даврда ойни ҳам ўзидан ёруғлиқ чиқарувчи юлдуз деб фараз қилишган. Леонардо эса аксинча, ой қуёшдан таралаётган нурни акс эттиргани учун ёруғ кўриниши ва биз ҳам ойдан туриб ер шарига қараганимизда у ҳам шуъла таратаётганини кўришимиз мумкин деб ҳисоблаган. Леонардонинг ушбу қарашларининг тўғриллиги кейинчалик замонавий тадқиқотлар натижасида ўз исботиини топди.
Бундан ташқари, Леонардо да Винчи инсоннинг тузилиши ва одам анатомияси билан чуқур қизиққан ва ўша даврнинг шифокорлари билан ҳамкорликда турли касалликларнинг, одамларнин қариши ва вафоти билан боғлиқ сабабларни ўрганишга ҳаркат қилган. Леонардо да Винчининг Витривиан одам расми инсон бадани тузилишини тасвирлайди ва санъат тарихидаги такрорланмас асарлардан ҳисобланади.
Витривиан одам тасвирини бугунги кунда кўплаб жойларда, шу жумладан бир евро қийматидаги тангада ҳам учратишимиз мумкин.
Шунингдек, Леонардо да Винчи томонидан одамнинг ички аъзолари, айниқса, юракнинг жуда аниқлик билан чизилганлиги 21 асрда ҳам кўплаб тадқиқотчиларни ҳайратга солиб келмоқда. Маълумки, илк ҳавода учиш мосламалари, парашютлар, сув остига шўнғиш учун ускуналарнинг чизмалари ҳам илк бор Леонардо да Винчи томонидан яратилган бўлсада, уларни ўша даврда амалга ошириш имконсиз эди. Бир неча асрлар ўтгандан кейингина, илм-фан ва технологияларнинг ривожланиши натижасида Леонардонинг ғоялари ва кашфиётлари реал ҳаётда ўз аксини топа бошлади.
Қисқаси, Леонардо да Винчи фаолиятини ўрганиш генийлик тушунчасига берилган таърифни бироз кенгайтиришга ва унинг моҳиятини янада тўлиқроқ англашга имкон яратади. Генийлар ўз давридан бир неча йиллар олдини кўра билиши ва идрок этиши, ўз замондошлари тушунчаларидан фарқли равишда дунё моҳияти ҳақида тўғри ҳулосаларга ва фикрларга эга бўлиши, шунингдек, энг асосийси, улар инсоният тарихини ўзгартириши мумкин бўлган яратувчанлик ғояларига эгалиги билан ажралиб туради.
Шу ўринда биз учун муҳим бўлган яна бир жиҳат кўзга ташланади. Леонардо авваламбор буюк рассом эди ва бошқа соҳа илмларини ҳам қалам ёрдамида кашф қилишга интилди. Бунинг натижасида у ўзининг буюк ғояларини ва кашфиётларини мусаввирлик қобилияти орқали бизгача мерос қилиб қолдира олди.
Юқоридагилардан биз чиқарадиган хулосамиз оддий. Инсон ҳар қандай касб-ҳунар, илм ёки бошқа қобилиятнинг эгаси бўлишидан қатьий назар, ўз қобиғидан чиқиб атрофидаги оламга унга инъом этилган истеъдод кўзи билан қарай олса, у албатта, дунёни ўзгартиради. Демак, у гений!
Муроджон Мустафоев
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил тадқиқотчиси