2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 469 568 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди. Бу ҳақида Олий суд хабар берди.
Судлар томонидан кўрилган маъмурий ишларнинг аксарияти қуйидаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ:
— майда безорилик;
— автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш;
— ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик;
— ҳақорат қилиш, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш;
— транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши;
— савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ва совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш.
2024 йилда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 40 119 нафар шахсга нисбатан 39 270 та иш кўриб тамомланган. Шундан 26 063 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.