АсосийСПОРТ

Жавоҳир Синдоров АҚШдаги халқаро турнирда ғолиб бўлди

Синдоров мусобақанинг асосий босқичини 7 турда 6 очко билан якунлаб, ҳиндистонлик гроссмейстер Аравинд Читамбарам билан бир хил натижа қайд этди.

'Жавоҳир Синдоров АҚШдаги халқаро турнирда ғолиб бўлди'ning rasmi

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров АҚШда ўтган Naroditsky Memorial Rapid 2026 халқаро шахмат турнирида ғолибликни қўлга киритди. 

Синдоров мусобақанинг асосий босқичини 7 турда 6 очко билан якунлаб, ҳиндистонлик гроссмейстер Аравинд Читамбарам билан бир хил натижа қайд этди. Ғолиб номини тай-брейк баҳслари ҳал қилди ва унда ўзбекистонлик шахматчи рақибини мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди.

Мусобақадаги ғалабадан сўнг Жавоҳир Синдоров турнир унинг учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.

“Мен бу ерга шунчаки Даниэл Нарoдитский хотираси учун шахмат ўйнашга келдим ва бу менга жуда ёқди. Ҳаммаси ажойиб бўлди. Умид қиламанки, бу турнир ҳар йили ўтказилади. Менимча, Нарoдитский шахмат оламидаги энг меҳрибон инсонлардан бири эди. Одатда стримерлар ҳақида турли таассуротлар бўлади, аммо у билан шахсан танишганимдан кейин унинг нақадар самимий ва яхши инсон эканига амин бўлдим”, — деди Синдоров.

Ғолибга кубокни Народицкийнинг онаси топширди.

Ғалаба эвазига Синдоров 3 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот билан тақдирланди. Шу билан бирга, унинг халқаро рейтинг кўрсаткичлари ҳам яхшиланди: rapid йўналишида 6,9 очко қўшилиб, умумий рейтинг 2724,9 га етди ва у жаҳоннинг энг кучли rapid шахматчилари орасида 7-ўринга кўтарилди.

Қайд этилишича, ушбу натижа Ўзбекистон терма жамоаси учун 46-Жаҳон шахмат Олимпиадаси олдидан муҳим ютуқлардан бири бўлди.

    Бошқа янгиликлар