Навоий вилояти Навбаҳор туманида 2011 йилда туғилган икки ўсмир каналга чўкиб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 июль куни соат тахминан 13:30 да вояга етмаган Б.Р. ва С.А. “Бешработ–Конимех” канали “Янгиобод” МФЙ Бунёдкор кўчасидан оқиб ўтувчи қисмига синфдошлари билан чўмилиш учун борган ва сувга чўкиб ҳалок бўлган.
Терговга қадар ўтказилган текширувлар давомида ҳодисада жиноят аломатлари аниқланмаган.
Суд-тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, ўлимга юқори нафас йўлларининг сув билан беркилиши оқибатида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Шунингдек, текширув жараёнида “Ҳудудий электр тармоқлари” Навбаҳор туман бўлими мутахассислари иштирокида канал ёнидаги сув насоси текширилган. Ускуна сувга тушириб кўрилганда электр токи мавжуд эмаслиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Навбаҳор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






