Бугун, 14 февраль куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари билан мулоқоти бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Билдирилишича, учрашувда ёшлар билан ишлаш натижадорлигини янада ошириш, уларга янада кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади, фаол ёшларнинг таклифлари эшитилади.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида азму шижоатли, навқирон ёшлар билан учрашиб турганидан мамнунлигини билдириб, уларнинг тимсолида Янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги бунёдкорларини кўраётганини таъкидлади.
“Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, ёшлик – бу қалбнинг олтин сози. Бунга қўшимча қилиб, ёшлар – халқимизнинг, Ватанимизнинг олтин фонди, десак тўғри бўлади.
Аҳолимизнинг 60 фоизини айнан ёшлар ташкил этиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Бугунги кунда биз мард ва матонатли халқимизга, серғайрат ёшларимизга ишонганимиз учун ўз олдимизга катта-катта мақсадлар қўймоқдамиз, маррани баланд олмоқдамиз.
Келгусида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийлар қаердан пайдо бўлади? Бу улкан вазифаларни ким бажаради?
Мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Албатта, бу эзгу ғояларни сизлар – бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари амалга оширасизлар”, деди Президент.