АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитойдан импорт қилинадиган товарларга божхона тарифларини 10 фоиздан 20 фоизга оширди. У бунга сабаб сифатида Пекиннинг Қўшма Штатлардаги наркотрафик муаммосига қарши курашда етарли чора-тадбирлар кўрмаганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Оқ уй раҳбарининг тегишли фармони эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, жорий йил 1 февраль куни чиқарилган аввалги фармонга ўзгартиришлар киритилган бўлиб, унда Хитой учун 10 фоизли божхона тарифлари жорий этилгани баён қилинганди. Трампнинг янги фармонига мувофиқ, ушбу фоиз миқдори энди икки бараварга оширилади ва 20 фоизни ташкил этади.
“ХХР ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ инқирозни юмшатиш учун етарли чоралар кўрмаганини инобатга олиб, ижроия фармонининг 14195-сонли ҳужжатининг 2(а) бўлимига ўзгартириш киритилади. Унда “10 фоиз” сўзи олиб ташланиб, ўрнига “20 фоиз” сўзи қўшилади”, дейилади Оқ уй томонидан эълон қилинган фармонда.
Ҳужжатга мувофиқ, Вашингтон Хитойни синтетик опиоидлар, жумладан, фентанилнинг АҚШга оқимини тўхтатиш бўйича етарли чоралар кўрмаганликда айбламоқда. АҚШ расмийлари бундай вазиятни мамлакат миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига “ғайриоддий ва фавқулодда таҳдид” деб баҳоламоқда. Эътиборлиси, Дональд Трамп кўпинча тарифлар жорий этиш таҳдидини савдо ҳамкорларига босим ўтказиш воситаси сифатида қўллаб келган. У бундай божхона тушумлари ички лойиҳаларни молиялаштиришга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлаб келади.
Президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидаёқ у Хитой импортига 10 фоизлик бож жорий қилишга тайёрлигини билдирган эди. Бунга сабаб сифатида эса Хитойдан АҚШга, асосан Мексика орқали кириб келаётган ноқонуний наркотик етказиб берилиши кўрсатилганди. Бироқ Трамп ўша пайтда импорт товарларига тариф жорий қилишни хоҳламаслигини, аммо мавжуд шароит бунга мажбур қилганини ҳам билдирган.