АсосийЖамият

1 мартдан нималар ўзгаради?

Бугундан қонунчиликда қатор ўзгаришлар амалга ошади.

'1 мартдан нималар ўзгаради?'ning rasmi

Айрим боғчалар педагоглари учун мобил малака ошириш хизматлари йўлга қўйилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 1 мартгача янги ишлаб чиқилган касбий стандарт асосида боғчалар педагог кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурларини такомиллаштирилиши белгиланган.

Бундан ташқари, тажриба-синов тарзида мамлакатнинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган боғчаларнинг педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматлари жорий этилади.

Мобил малака ошириш хизматлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги педагогик маҳорат марказлари томонидан 4 та аудитория кўринишидаги автобуслар негизида ташкил этилади.

Нодавлат ва ДХШ асосидаги боғчалар педагогларига бу хизматлар пуллик асосида кўрсатилади. Автобусларни жиҳозлаш Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Туман ва шаҳар ҳокимликларига қўшимча маъмурий ваколатлар берилади

2025 йил 1 мартдан ҳудуди 10 минг метр квадратдан, баҳоланган қиймати 5 минг БҲМдан ошмаган ҳамда 6 ой давомида сотилмаган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектларини 2 йил ичида янги лойиҳани ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан тадбиркорларга тўғридан тўғри 10 йил муддатга ижарага бериш ҳамда давлат мулки учун 4 йил давомида узлуксиз ижара тўловларини амалга оширган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорга хусусийлаштириш ёки баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотиш ваколати берилади.

Шунингдек, халқаро тан олинган хорижий тил ва малака сертификатларини олишга ўқитадиган маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга дастлабки биринчи йили ижара тўлови ундирмасдан 5 йил муддатга кейинчалик унинг муддатини узайтириш шарти билан ижарага бериши мумкин. 

Аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнлари онлайн назоратга олинади

Президент қарори билан аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури ҳамда мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланган. Ҳужжат билан 1 мартдан бошлаб аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш жараёнлари рақамли назоратга олинади. 

Ҳарбий хизматчиларга ижарада тургани учун тўланадиган компенсация оширилади

2025 йил 1 мартдан йил якунигача Қуролли Кучларнинг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланди. 

Президентнинг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилди: 

2025 йил 1 мартдан ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилади;

2025 йил 1 июндан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга тураржой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланади.

Шунингдек, Қуролли Кучларнинг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун: 

Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 4,8 бараваригача миқдорда;

Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 3,6 бараваригача миқдорда;

бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида – БҲМнинг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланди. 

Бундан ташқари, оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади. 

Суд низолари тарафлар келишуви билан тугатилганда божлар камайтирилади

Низолар ҳал қилинишини енгиллиштириш мақсадида судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатилганда, аҳоли ва тадбиркорларга давлат божининг бир қисми қайтариб берилади. Бу биринчи инстанция суди учун 70 фоизни, апелляция ва кассацияда эса 30 фоизни ташкил этади. 

Айрим фуқароларга фарзандларининг боғча харажатлари учун моддий ёрдам берилади

Ёлғиз она ёки отага бир нафар фарзанди учун болалари 3 ёшга тўлгунига қадар мактабгача таълим хизматидан фойдаланишга БҲМ (375 минг сўм)нинг 1,5 баравари яъни 562 минг сўмгача миқдорда моддий ёрдам берилади. Бунда маблағлар эгизакларнинг ҳар бири учун тақдим этилади. 

Пенсиялар ҳеч қандай ҳужжатларсиз автоматик тайинланади

60 ёшга етган эркакларга ва 55 ёшга етган аёлларга ёшга доир пенсияни уларнинг мурожаатисиз бир кунда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади.

Бунда фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи (тўланган ижтимоий солиқ суммаси) ва оила таркиби (турмуш ўртоғи ва фарзандлари) каби маълумотлари вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан олинади.

Амалда фуқаролар пенсия ёшига етгач, пенсия тайинлашни сўраб Пенсия жамғармаси бўлимига, Давлат хизматлари марказига ва Ягона портали орқали мурожаат қилишлари керак. Янги тартиб билан эса қўшимча ҳужжатлар йиғиш ҳамда жамғарманинг ҳудудий бўлимига мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Шунингдек, фуқаро пенсия ёшига етиб, меҳнат фаолиятини давом эттириш истагини билдирса, проактив шаклда тайинланадиган ёшга доир пенсияни рад қилиш тартибини ҳам жорий этиш белгиланмоқда. 

Экологик стикер бериш бошланади

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида қайд этилишича, “Экологик транспорт” тизимини жорий қилиш 1 мартдан бошлаб босқичма-босқич йўлга қўйилади. У қуйидагиларни назарда тутади:

ҳудудларни улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик зоналарга ажратиб бориш;

транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини автоматик баҳолаш тизимига асосан диагностика текшируви жараёнида аниқлаш ва натижалари бўйича қалбакилаштиришдан ҳимояланган ҳамда электрон белгига эга бўлган экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситаларини “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга ажратиб бориш;

экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш.

2025 йил 1 мартдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини аниқлаш ва натижалари бўйича экологик стикерлар бериш мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида босқичма-босқич амалга оширилади.

“Экологик транспорт” тизими биринчи босқичда (2025 – 2026 йилларда) Тошкент шаҳрида, иккинчи босқичда (2026 – 2028 йилларда) Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва бошқалар), шунингдек, учинчи босқичда (2028 – 2030 йилларда) бошқа барча ҳудудларда жорий этилади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходими 40 минг АҚШ доллари билан қўлга тушди'ning rasmi

    Жамият Бугун 13:02

    Соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходими 40 минг АҚШ доллари билан қўлга тушди

    Шунингдек, электр таъминоти бўлими бош муҳандиси ва мактаб директори ўринбосари ҳам пора билан ушланди.

    'Баҳорнинг илк кунида қандай об-ҳаво кузатилади?'ning rasmi

    Жамият Бугун 08:25

    Баҳорнинг илк кунида қандай об-ҳаво кузатилади?

    "Ўзгидромет" прогнозларни эълон қилди.

    'Фермерлар учун дизель нархининг ўсиши чекланди'ning rasmi

    Жамият 28.02.2025 21:40

    Фермерлар учун дизель нархининг ўсиши чекланди

    Республика товар хом-ашё биржасига кўрсатма юборилди.

    'Президент Рамазони шарифнинг кириб келиши билан халқни табриклади'ning rasmi

    Жамият 28.02.2025 21:12

    Президент Рамазони шарифнинг кириб келиши билан халқни табриклади

    Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам даргоҳида қабул бўлишини тилади.

    'Маош 15 млн сўмгача: “Янги Тошкент”да иш бор'ning rasmi

    Жамият 28.02.2025 20:13

    Маош 15 млн сўмгача: “Янги Тошкент”да иш бор

    Ўзбекистоннинг Туркиядаги ва Россиядаги элчихоналари Тошкентда ўзбекистонликлар учун 15 млн сўмгача маошли иш борлигини эълон қилди.