"Алоқабанк" ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч "ёшлар банки"га айлантирилиб, бунга 200 млн доллар ажратилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев жума куни ёшлар билан ўтказган мулоқотида маълум қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, президент "ёшлар тадбиркорлигида мутлақо янги даврни бошлаб берадиган" 3 та катта ҳужжатга имзо чекканини эълон қилди. "Алоқабанк" унинг учинчи ҳужжатида назарда тутилган.
Банк ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 млн сўмгача 7 йил муддатга имтиёзли микроқарз ажратади. Якка тартибдаги тадбиркор бўлган, камида 20 нафар ёшни ишга олиб, кичик корхона очган ва ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит берилади.
Шунингдек, "Алоқабанк" кредитларининг камида 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилади.
Ҳудудларда "ёшлар бизнес инкубатори" ташкил қилиниб, ёшлар ғоялари стартапга айлантирилади. Улар 6 ойдан 3 йилгача қўллаб-қувватланиб, тайёр бизнес, корхона даражасига олиб чиқилади, дейилади хабарда.
"Алоқа венчур" жамғармаси орқали стартапларга 50 мингдан 1 млн долларгача сармоя киритилади. Маҳсулот ва хизматларни ички ва халқаро бозорларда сотиш, бизнес ҳамкор топиш, қўшимча инвестициялар жалб қилишга кўмаклашилади.
Яна бир ҳужжат билан олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим яратилмоқда. Бунинг учун Миллий банкка 100 млн доллар ресурс берилади. Банк Олий таълим вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда олийгоҳ битирувчиларининг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича янги банк хизматлари пакетларини жорий этади.
Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия тузилади. Комиссия иш ўринларини яратиш, кадрларга эҳтиёж, бўш ўринларга ёшларни жойлаштириш масалаларини ҳал этади.