Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонундаги нормалар оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайта шу каби тазйиққа учраш ҳолатларининг олдини олиш, турар жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.
Амалдаги қонунчиликка кўра оиладаги тазйиқ ва зўравонлик сабаб судга ариза билан мурожаат қилинганда суд эр-хотинни яраштириш учун муайян муҳлат беради.
Афсуски, ушбу берилган муҳлат ичида оилавий низо ва жанжаллар қайта содир этилиши аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига, уларга етказилган тан-жароҳатлари эса уларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда.
Қонун билан амалиётга жорий этилиши кутилаётган нормаларга асосан суд ишни кўришни кейинга қолдирилмай ўз вақтида қарор қабул қилади, бу низоли оилаларда мунтазам зўравонлик ҳолатлари ва оғир жиноятлар содир этилишининг олдини олади.
Хусусан, оилавий зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра суд томонидан ярашиш учун муҳлат тайинламаслик назарда тутилмоқда.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.