АсосийЖамият

Болаларни боғчага қабул қилишда қандай тиббий маълумотномалар талаб қилинади?

Амалдаги тартибга кўра, айни пайтда туғуруқ комплексларида чақалоқ дунёга келгач, тўғридан тўғри ота-онанинг яшаш манзили бўйича рўйхатга олинади.

'Болаларни боғчага қабул қилишда қандай тиббий маълумотномалар талаб қилинади?'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги тегишли қарорига мувофиқ мамлакатимизда умумий турдаги давлат боғчаларига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади. Хусусий мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёши ва тартиби эса ушбу маскан томонидан мустақил белгиланади.

Хўш, бу жараёнда ота-оналардан қандай тиббий маълумотномалар талаб этилади?

 Мазкур саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри Дилобар Ҳидоятованинг берган маълумотларини тақдим этди.

— Бугунги кунда болаларни МТМга қабул қилишда ота-оналардан бир нечта тиббий маълумотномалар талаб қилинади.

Амалдаги тартибга кўра, айни пайтда туғуруқ комплексларида чақалоқ дунёга келгач, тўғридан тўғри ота-онанинг яшаш манзили бўйича рўйхатга олинади ва автоматик тарзда Давлат хизматлари маркази орқали мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйилади.

 Бола 3 ёшга тўлгач, ДХМ томонидан ота-онанинг мобил телефонига фарзандини боғчага жойлаштириш учун навбати келгани ҳақида SMS-хабарнома юборилади.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 27 июлдаги тегишли буйруғига биноан 026-шаклдаги тиббий маълумотнома олиш учун бола ҳудудий оилавий поликлиникада йўлланма асосида стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог, оила шифокори томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Умумий қон ва пешоб ҳамда 3 марта гижжага қарши лаборатор таҳлиллар олинади.

Қолаверса, бола Миллий профилактик эмлаш календарига мувофиқ вирусли гепатит В, сил, полиомиелит, ротавирус инфекция, бўғма, қоқшол, кўкйўтал, Хиб инфекция, қизамиқ, эпидпаротит, пневмококк инфекция каби хасталикларга қарши вакцина олганлиги ҳақида 063-шаклдаги тиббий маълумотнома талаб қилинади. Шу билан бирга, ота-оналардан фарзандини гепатит А га қарши эмлаш тавсия этилади.

Вакцина олишга қарши кўрсатмалар (перинатал ҳолатлар, жароҳатлар, инфекцион ёки сурункали касалликлар, аввалги эмлаш препаратларига реакциялар ёки асоратлар, дори воситаларига ва озиқ-овқатларга аллергик реакциялар) бўлса, реабилитация ва соғломлаштириш жараёнларидан сўнг эмлаш тадбирлари ўтказилади.

Агар болада церебрал фалаж, талваса ва эпилепсия синдроми ҳамда руҳий хасталиклар аниқланса, ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш тавсия қилинади.

    Бошқа янгиликлар