1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда дорихоналарда рецепт асосида сотиладиган 2,5 минг номдаги дори воситалари учун янги чекланган "референт" нархлар жорий этилди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Янги тартибга кўра, антибиотиклар ва микробларга қарши воситалар нархи 50,1 фоизгача, юрак-қон томир тизими учун мўлжалланган дорилар 37 фоизгача, асаб тизими дори воситалари 40 фоизгача, яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи препаратлар эса 42 фоизгача арзонлаштирилди.
Агентликнинг маълум қилишича, энди мазкур дори воситаларини белгиланган референт нархдан юқори баҳода сотишга йўл қўйилмайди. Солиқ қўмитасининг ахборот тизими юқори нархда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактураларни автоматик тарзда аниқлаб, уларни қабул қилмайди.
Қайд этилишича, референт нархлар халқаро амалиёт асосида шакллантирилади. Бунда хориждаги ўртача нархлар, ишлаб чиқарувчи мамлакатдаги қиймат ҳамда Ўзбекистонга импорт қилинган дори воситалари бўйича шартнома нархлари ҳисобга олинади.
Фуқаролар дори воситаларининг чекланган нархларини pharm.gov.uz сайти ёки "PharmUz" мобил иловаси орқали текшириши мумкин.






