Мамлакатимизда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган мустақил давлатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро ҳамжамият, хорижий кузатувчилар томонидан юқори баҳоланди. Бу бежиз эмас. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, “бу сайловни Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий меросига ва у киши ўзининг чексиз меҳрини берган халқимизга муносиб тарзда ўтказдик”.
Сайловни ёритишда, хусусан, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари салоҳияти ёрқин намоён бўлди. Сайлов кампанияси ахборот таъминоти бўйича энг асосий юк, шубҳасиз, давлат оммавий ахборот воситалари зиммасида бўлди. Шулар қаторида ушбу жараёнларда нодавлат оммавий ахборот воситалари иштирок этиши учун ҳам зарур имкониятлар яратилди. Шунингдек, сайловда янги ахборот-коммуникация технологиялари ва ижтимоий роликлардан кенг фойдаланилди.
Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Mening yurtim”, “Sevimli-tv.uz”, “Uzreport TV”, “Zo'r TV”, “Samarqand STV” nodavlat telekanallari, “Uzbekistan Today” axborot agentligi, “Darakchi inform service” MCHJ нодавлат оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда мамлакатимизда илк бор “Saylov.uz-2016” пресс-клуби ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мамлакатимиздаги сайлов жараёнлари мазкур Пресс-клуб фаолияти доирасида хорижий оммавий ахборот воситаларида дунёнинг 10 дан ортиқ тилларида ёритилди.
Сайловга бағишланган 2 мингтадан зиёд ахборот ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди. Миллий ва хорижий телерадиоканаллар, даврий матбуот, Интернет-ОАВ, Youtube канали, Facebook, Instagram каби ижтимоий тармоқлар орқали узатилган бу материаллар билан жаҳоннинг 20 та мамлакатида миллионлаб кишилар танишиш имконига эга бўлди. Пресс-клуб ишида ҳар куни 80 нафар хорижлик ва мамлакатимиздан 150 нафардан ортиқ журналист фаол иштирок этди.
Шунингдек, Пресс-клуб доирасида миллий ва хорижий экспертлар, сайловни халқаро кузатувчи сифатида кузатиб борган таниқли халқаро экспертлар иштирокида 10 та аниқ мавзули брифинг ташкил этилди. Бу брифингларда 600 нафардан зиёд миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Хусусан, 2 декабрь куни Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида “Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали”ни ўтказди.
Ушбу фестивалнинг 2 ва 3-номинациялари сайлов мавзусига бағишланган бўлиб, “Аҳолининг, хусусан, ёшларнинг сайловга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган энг яхши ижтимоий ролик” ҳамда “Фуқароларни сайлов жараёнларида фаол иштирок этишга чорловчи энг яхши ролик” деб номланган ана шу номинациялар бўйича энг яхши ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн овоз бериш йўли билан аниқланди ва муносиб тақдирланди.
Бундан ташқари, “Saylov.uz-2016” пресс-клубида 5 та маданий тадбир ташкил этилиб, халқимизнинг бой маданияти ва санъати, миллий анъаналари ва урф-одатлари кенг тарғиб қилинди. Бу тадбирларда 1 минг 200 нафар киши, асосан, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, дипломатик ваколатхона ва элчихоналар вакиллари, хорижий ва миллий экспертлар қатнашди.
Энг муҳими, Пресс-клуб фаолияти доирасида журналистларга энг янги ва замонавий медиа технологиялардан самарали фойдаланиш борасида ноёб имкониятлар яратиб берилди. Натижада Пресс-клуб ташкил этилган қисқа муддат ичида биргина ижтимоий тармоқларда эълон қилинган материаллар 15 миллион обуначига етиб борди.
Эътиборли жиҳати шундаки, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари журналистлари, халқаро кузатувчилар, дипломатик корпус вакиллари томонидан “Saylov.uz-2016” пресс-клуби фаолияти ижобий баҳоланди. Хусусан, Пресс-клуб фаолияти халқаро андозалар талабига тўлиқ жавоб бериши таъкидланди.
Мисол учун, АҚШ ва Европа мамлакатлари хорижий кузатувчилари, шунингдек, Чехия ва Франция элчихоналари вакиллари Пресс-клуб фаолияти энг юксак жаҳон стандартларига мос эканини эътироф этди. Ўз навбатида, МДҲ мамлакатлари вакиллари, хусусан, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев Ўзбекистоннинг ушбу тажрибасидан ўрнак олиш зарурлигига эътибор қаратди.
Хитой, Жанубий Корея, Покистон, Ҳиндистон каби Осиё қитъасининг бир қатор давлатлари вакиллари томонидан ҳам Пресс-клуб фаолиятининг аҳамияти юқори баҳоланди. Жумладан, “Бизнес-Сентрал Азия” журнали бош муҳаррири Индервер Сингх “Бу Пресс-клуб бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида кўрсатишга муносибдир”, деб қайд этди.
Буюк Британия Парламенти Лордлар палатасининг аъзоси лорд Моҳаммед Илтаф Шейхнинг фикрича, “бу ноёб медиа майдонча сайлов кампанияси якунига етганидан сўнг ҳам ўз самарадорлигини намойиш этиши лозим. Пресс-клуб мамлакатдаги энг муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадбирларни ёритадиган ҳамда бу борада баҳс-мулоқотлар ташкил этадиган марказ бўлиб қолиши керак”.
Умуман олганда, “Saylov.uz-2016” пресс-клубининг ташкил этилиши Ўзбекистонда сўз эркинлиги таъминланиши юксак даражада эканининг ўзига хос намойиши бўлди. Бинобарин, хорижий экспертлар томонидан Пресс-клуб фаолияти орқали сайлов даврида ягона мақсад, яъни мамлакатда 25 йил давомида эришилган ютуқларни таҳлил қилиш, ҳамжиҳатлик ва очиқлик асосида мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларини излаш ҳамда янги ижтимоий-фуқаровий ташаббусларни ишлаб чиқиш учун давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари, хорижий ва миллий экспертларнинг ўзаро консолидацияси, ўзбекча ибора билан айтганда, бошининг бир жойда қовушиши юз берди, деган якдил фикр билдирилди.
Чиндан ҳам, Пресс-клуб журналист ходимларнинг салоҳиятидан имкон қадар кенг ва самарали фойдаланиш учун шароит яратди. Қолаверса, Пресс-клуб ижобий ва бой ахборот муҳитини шакллантириш борасида юксак натижадорлик кўрсатдики, буни қисқа вақтда 1 минг 500 тамедиа-маҳсулот ва ижтимоий тармоқларда 1 500 тадан зиёд турли маълумотлар тайёрлангани мисолида яққол кўриш мумкин.
Энг аҳамиятли жиҳати, 50 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари Пресс-клуб орқали дунё миқёсида тарқатган ахборотлар мазмуни асосан ижобий ва холис экани кузатилди.
Шу нуқтаи назардан, миллий ва халқаро экспертларнинг ушбу Пресс-клуб фаолиятини доимий асосда йўлга қўйиш борасидаги таклифи эътиборга лойиқ, деб ўйлаймиз. Нега деганда, доимий асосда фаолият юритадиган бундай замонавий меди-мулоқотлар майдончаси, ўйлайманки, турли сиёсий кучлар (партиялар) вакиллари, миллий ва хорижий экспертлар, журналистлар ҳамжамияти, диний конфессиялар, миллий жамиятлар вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириши учун муҳим аҳамият касб этган бўлур эди.
Акмал Саидов,
юридик фанлар доктори,
профессор