АсосийSalomatlik

Олтин балиқдан саломатлик тилаймиз!

Хонадонингиздаги океаннинг бир парчаси нафақат интерьер учун безак, балки саломатликка ҳам кони фойда эканлигини биласизми? Гап нима ҳақида бораётганини балиқсеварлар дарҳол тушунишди. Зеро, бу жонивор инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиб, унинг хотиржамлигига хизмат қилишию қатор хасталикларини даволашга ҳисса қўшишини дунё олимлари бот-бот таъкидлашмоқда.

 

Серфазилат жонивор

Хонадонида балиқ парваришловчилар бошқаларга нисбатан тўрт-беш йил узоқ умр кечиришар ва уч баробар камроқ шифокорга мурожаат қилишар экан. Айтишларича, Қадимги Хитой императорлари давлат тадбирларига киришишдан аввал ярим соат балиқларни кузатишни одат қилишган экан.

Зоопсихологларнинг маълумотларига кўра, беш дақиқа ранг-баранг балиқларни кузатиш инсон организмига фойдалилик жиҳатидан йигирма дақиқалик уқалаш ёки ярим соат сувда сузиш машқларидек ижобий таъсир этади. Шунингдек, беозор балиқлар бир қанча дардларга даво эканлигини ҳам шифокорлар кўп маротаба эътироф этишаяпти.

“Наҳот, мени даволасанг?!”

* Нейродермит (қаттиқ қичишиш ва кейинчалик терида ўзгаришлар рўй бериши билан ўтадиган тери касаллиги) билан оғриган беморлар сунъий ҳавзада яшовчи жониворларни узоқ вақт давомида томоша қилишса, хасталиклари аста- секин арий бошлайди.  

* Аквариумдаги  буғланган сув хона ҳароратининг намлигини ошириб, нафас олишни енгиллаштиради. Шу билан бирга юқори нафас йўллари хасталикларининг олдини олишга хизмат қилади. Бу, айниқса, бронхиал астмага чалинган беморлар учун жуда фойдалидир.

* Сунъий ҳавзада ҳаракатланаётган балиқлар юрак қон-томир касалликлари муолажасида ҳам самара беради. Хусусан, шифокорлар стенокардия билан оғриган беморларга балиқ боқишни тавсия этадилар. Гипертония ва невростения хасталикларига чалинганлар сокин, бир маромда ҳаракатланувчи балиқларни, анемия, гипертония ва депрессияга дучор бўлганлар эса жадал ҳаракатланувчи ранг-баранг балиқларни томоша қилишлари тавсия этилади.

* Шунингдек, бу митти жониворлар асабийликни енгишга ёрдам бериши мумкин. ҳатто қисқа фурсат давомида уларни томоша қилиш асабни тинчлантириб, қон босимини меъёрига келтиради.

Уйқусизликдан азият чекувчилар  30-40 дақиқа давомида аквариумни томоша қилсалар, ором ола бошлайдилар.

* Болалардаги гепатит, яъни “сариқ касал”да балиқларни томоша қилиш, хасталик  енгиллашишига сабаб бўлади. Афсуски, муолажа учун танланган балиқлар узоқ яшамайди. Чунки улар инсондаги салбий қувватни ўзига олиб, тез орада нобуд бўлади.

* Мактаб ёшидаги болаларда диққатни жамлай олмаслик, инжиқлик ва чарчоқ ҳолатлари кузатилганида ҳам митти дўстларимиз ёрдамга келади.  

* Дунёнинг баъзи шаҳарларидаги дорихоналарда махсус аквариум сюжетлари тасвирига эга видеотасмалар сотилади. Улардан шифохоналарда, айниқса, тиш шифокори қабулида фойдаланиш самарали натижалар бермоқда.

* Баъзилар балиқ аллергик хасталикларни қўзғатишидан хавотирга тушишади. Бироқ балиқнинг ўзи эмас, балки унинг қуруқ озуқасигина аллергия қўзғатувчидир.

Саодат тайёрлади. 

Бошқа янгиликлар