1

«Омонмисан, олисдаги яқиним?..»

СУҒДИЁНА 13.12.2016, 15:03
Теглар: Иш, Аёл, Она, Ота, Ота-она, Оила, Эр-хотин, Бола, Она ва бола
«Омонмисан, олисдаги яқиним?..»

Баъзан ҳаётда шундай пайтлар бўладики, ота ёки она фарзандидан маълум муддат узоқда юришига тўғри келади. Бунинг сабаблари турлича: хизмат сафари, ўқиш, бизнес, даволаниш... Барчага аёнки, бола кўпроқ онадан айрилишдан азият чекади ва уч ёшгача бўлган болаларда бу, айниқса, қийин кечади.

 

Умуман, бола неча ёш бўлишидан қатъи назар, у онаси ёнида бўлишни истайди. Аммо ҳаёт айрилиқни тақозо қилганида бунга кўнмай-кўникмай иложимиз йўқ...

 

“Турмуш ўртоғим иккимиз иш юзасидан чет элга кетишимиз керак эди. Оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашдик, болаларимга қайнонамлар қарайдиган бўлишди. Бундан ўз онам бироз гина қилди, аммо болалар менинг онамдан кўра, кўпроқ қайнонамга боғланиб қолган. Ҳаммасидан ҳам қийини, болаларимизга уларни маълум муддат ташлаб кетаётганимизни тушунтириш эди. Ўтириб гаплашдик, бу вақтинча эканини, биз қайтиб келгач, ҳаётимиз яна шундай давом этишини, фақат ҳозирги сафаримиз келажак  учун муҳимлигини уларга тушунтирдик. Албатта, бу айрилиқ азобини аритмаган бўлса-да, қайсидир маънода енгиллатди. Болалар бувилари қарамоғида эканлигидан бизнинг ҳам кўнглимиз хотиржам эди”.

Ҳабиба, 27 ёш.

  

 

“Чет элда ўқишимни давом эттириш орзум амалга ошганида қизим мактаб ўқувчиси эди. Ўқув йилини ўз мактабида тугаллашини истадим. Кетаётганимдан синф раҳбарини бохабар қилиш учун мактабига бордим. Вазиятни тушунтириб, режаларимни айтдим, қизимга кўз‑қулоқ бўлиб туришини илтимос қилдим. Суҳбат сўнггида ўқитувчи менга раҳмат айтди, тўғриси, ҳайрон қолдим. Ва бунинг сабабини сўрадим. У шундай жавоб қайтарди: «Ота‑оналар хорижга кетаётганликларини ўқитувчиларга билдиришни лозим кўришмайди. Бу нотўғри. Биз ҳам бундан хабардор бўлишимиз керак. Фарзандлари хавфсизлиги, таълим-тарбиясини ўйлаган ота-она буни яхши тушунади.  Ўзингиз биласизки, бола уйда ўзини бошқача тутади, мактабда эса умуман ўзгача одамга айланади. Айниқса, ота‑онаси олисда бўлган ўқувчиларга ўқитувчилар кўпроқ аҳамият беришлари керак. Қанийди, бошқа ота‑оналар ҳам сиздан ўрнак олишса...”.

Менимча ҳам, ота‑оналар бу борада ўқитувчи билан ҳамжиҳатликда иш кўришлари лозим”.

Кавсар, Тошкент.  

 

 

“Магистратурани чет элдаги университетларнинг бирида давом эттирдим. Фарзандларимни онамга ишониб қолдирдим. Улар билан ҳар куни интернет орқали гаплашардик. Ўша пайт тўрт ёшли ўғлим видеокамера ёқилиши билан бошқа хонага чиқиб кетарди. Жияним уни кўтариб олиб келганида, уришиб, тепиниб: «Гаплашмайман, гаплашмайман, сен билан!», деб бақирар, йиғларди. Аввалига болам мени ёмон кўриб қолди, энди қабул қилмайди, деб ич‑этимни едим. Тушкунликка тушдим, назаримда, бу стресс боламнинг бир умрлик ҳаётида из қолдирадигандек эди. Кейин онам: «Болам, сабр қил, ўғлинг кичик, шунинг учун тушуниши қийинроқ, кўникади секин-аста”, деди. Ва ҳар куни ўғлимга: «Қара, ойинг сенга бериб юборибди», деб кичик-кичик совғачалар, расм қоғоз, қалам, китобча кабиларни сотиб оладиган бўлди. Секин-аста ўғлимнинг қайсарликлари барҳам топди. У ҳатто менга турли расмлар чизиб, альбом шаклида совға жўнатди. Кейинроқ эса мен билан гаплашиш учун видеокамера ёқилганида: «Ойи, расмларимни мазза қилиб, томоша қиляпсизми?», деб сўрайдиган бўлди. Булар айрилиқ азобини енгишимизда иккимизга ҳам ёрдам берарди...”

Нисо, Тошкент  

 

 

“Чет элга кетдим, аммо болаларим олдида ўзимни айбдор ҳис этардим. Шу сабабданми, қўлимга пул тушди, дегунча уларга турли совға-салом жўнатдим. Аввалига қайтишимни кутган болаларим энди фақат кимга нима жўнатишимни буюртма берадиган бўлишди. Ҳатто баъзан «Яхшимисиз? Соғ-омон юрибсизми?», деб ҳам сўрашмайди. Бу эса менга оғир ботади: «Сизларни ўйлаб, шу ерларда юрибман-у, бир оғиз яхшимисиз, демайсизлар-а?..», деб йиғлайман баъзан. Аслида, уларнинг шундай бўлиб қолишига сабабчи ўзим. Айбимни совға-салом билан ювиб, болаларим меҳрини сотиб олмоқчи бўлдим”.

Нигора, Андижон.

 

 

Ҳа, фарзандга ота-она ғамхўрлиги зарур бўлганидек, биз, катталарга ҳам уларнинг меҳри керак. Шундай экан, моддий фаровонлик йўлидаги интилишларимиз меҳр ришталарини узишига зинҳор йўл қўймайлик!

Мадина ЗАРИФ

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Германиядаги янги иш ўринлари ҳақида маълумот берилди

19.08.2021, 09:10

 Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германиянинг "NoVo Agency e.K." ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик келишувига асосан тиббиёт соҳасида олий ёки ўрта-махсус маълумотга эга фуқароларни ишга таклиф қилмоқда.Бўш иш...
Германияда ишлаш истагида бўлганларга муҳим янгилик эълон қилинди

17.08.2021, 15:33

 Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Германиянинг "NoVo Agency e.K." ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик келишувига асосан тиббиёт соҳасида олий ёки ўрта-махсус маълумотга эга фуқаролар ишга таклиф қилди.Бўш...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1