Литва бош вазири Гинтаутас Палуцкас мамлакатнинг миграция сиёсатига ўзгаришлар киритиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакатларидан келган айрим шахслар радикаллашувга мойил бўлиб, бу хавфсизликка таҳдид солиши мумкин. Шу сабабли, Литва ҳукумати маданий жиҳатдан яқинроқ бўлган мамлакатлардан малакали ишчи кучини жалб қилишга уринмоқда.
Бу баёнот Литва Давлат хавфсизлик департаменти (ДХД) раҳбари Дарюс Яунишкиснинг 2024 йил октябрь ойидаги билдирувидан сўнг янгради. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилдан бери Марказий Осиёдан келган мигрантлар сони 14 баробарга ошган. Бу эса радикаллашув хавфини оширмоқда. Яунишкис, шунингдек, ДХД 2023 ва 2024 йилларда терроризм билан боғлиқ тўртта шахсни аниқлаганини ва уларга мамлакатга кириш тақиқланганини маълум қилди.
Литвадаги миграция маълумотларига кўра, 2024 йил 1 октябр ҳолатига кўра, мамлакатда 10,6 минг ўзбекистонлик ва 7,2 минг тожикистонлик яшамоқда. Бу рақамлар 2022 йилга нисбатан анча юқори. ДХД бу ўсишни радикаллашув хавфи билан боғламоқда.
Палуцкаснинг таъкидлашича, Литва визаларни бериш ва ҳужжатларни кўриб чиқиш марказларини қайта кўриб чиқиб, маданий жиҳатдан яқин мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирмоқда. Бу орқали мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва радикаллашув хавфини камайтириш мақсад қилинган.
Бу қарор Литвадаги миграция сиёсатидаги катта ўзгаришларни англатади ва мамлакатнинг хавфсизликни таъминлашга бўлган жиддий ёндашувини кўрсатади.
Абдуллоҳ Саййид