АсосийДунё

Туркияда зилзила вақтида қўрқув сабаб 151 киши баландликдан сакраган

Истанбул соҳили яқинида 6,2 баллик зилзила содир бўлди, натижада Туркия мегаполисида ваҳима юзага келди, деб хабар берди расмийлар.

'Туркияда зилзила вақтида қўрқув сабаб 151 киши баландликдан сакраган'ning rasmi

Туркиядаги зилзила вақтида 151 нафар шахслар қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, касалхоналарда даволанмоқда. Уларга ҳеч қандай ҳаётий хавф йўқ. 
Чоршанба куни Истанбул соҳили яқинида 6,2 баллик зилзила содир бўлди, натижада Туркия мегаполисида ваҳима юзага келди, деб хабар берди расмийлар.

Зилзила Мармара денгизи ҳудудида, Истанбулдан тахминан 70 километр (40 мил) ғарбда жойлашган Силиври шаҳри яқинида рўй берган. Туркиянинг Фавқулодда ҳолатлар ва табиий офатлар бошқармаси (AFAD) маълум қилишича, зилзиладан сўнг бир неча маҳаллий туртишлар ҳам кузатилган.


Истанбул маъмуриятининг баёнотига кўра, ҳеч ким ҳалок бўлмаган, аммо “ваҳима туфайли баланд жойлардан сакраган” 151 киши жароҳат олган.


Ҳеч қандай тураржой биноларига зарар етмагани айтилган, аммо Фатҳ туманида ташлаб кетилган битта эски бино вайрон бўлган.


Туркия ички ишлар вазири Али Ерликаянинг таъкидлашича, зилзила 13 сония давом этган ва ер юзасидан 7 километр чуқурликда содир бўлган. Ҳозиргача 51 марта силкиниш қайд этилган, улар орасида энг кучлиси 5,9 баллни ташкил қилган.


“Илтимос, эҳтимолий маҳаллий силкинишларга нисбатан ҳушёрликни йўқотманг”, — деб ёзган Ерликая ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.


Жами 6 100 та фавқулодда қўнғироқ келиб тушган, дея қўшимча қилди у, уларнинг аксарияти маълумот сўровлари бўлган.
CNN Turk телеканалидаги бошловчи Мелтем Бозбейоғлу тўғридан-тўғри эфирда бўлган пайтда студия силкинишлардан ларзага келган.


Эслатиб ўтамиз, 2023 йил феврал ойида Туркия сўнгги юз йилликдаги энг ҳалокатли зилзилалардан бирига дуч келган эди. 7,8 баллик зилзила Жанубий Газинтеп вилоятидаги Нурдағидан 23 километр (14,2 мил) шарқда, ер остидаги 24,1 километр (14,9 мил) чуқурликда рўй берган эди.


Ушбу зилзила шимолий Сурияни ҳам қамраб олган, натижада икки мамлакатда 50 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган эди.


Туркия икки йирик геологик фаол хатлар — Шимолий Анатолия ва Шарқий Анатолия фалтиқлари орасида жойлашган бўлиб, дунёдаги сейсмик жиҳатдан энг хавфли минтақалардан бири ҳисобланади. Бу ҳолат Истанбулнинг зилзилага тайёрлиги борасида хавотирларни янада кучайтирган.


Византия ва Усмонли империяларининг собиқ пойтахти бўлган Истанбулда тахминан 16 миллион киши истиқомат қилади. Геологик Жамият маълумотига кўра, шаҳар Шимолий Анатолия фалтиқига жуда яқин жойлашган — фалтиқ Истанбулга 20 километр (12,4 мил) масофада ўтиб, Мармара денгизи орқали ўтади.


Тарихда ушбу фалтиқ бир неча ҳалокатли зилзилаларга сабаб бўлган. Жумладан, 1999 йилда Истанбул яқинидаги Измит шаҳрида 7,6 баллик зилзила содир бўлиб, 17 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган ва тахминан 500 минг киши бошпанасиз қолган.


Зилзила Ер қобиғининг кутилмаганда силжиши туфайли юзага келади, бунда энергия сейсмик тўлқинлар орқали тарқалиб, одамлар, бинолар ва инфратузилмага кучли таъсир кўрсатади.


Ушбу тўлқинлар ва ер қимирлаш хусусиятлари зилзиланинг магнитудасини белгилайди. Энг кенг тарқалган ўлчов шкаласи бўйича 6,0 — 6,9 баллик зилзилалар “кучли” деб таснифланади.

Эслатиб ўтамиз, кеча Туркияда бир неча маротаба зилзила содир бўлди.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар