АсосийДунё

Исроил Ғазога ҳужумларни кучайтирди: бир суткада 30 фаластинлик ҳалок бўлди

Қурбонлар орасида болалар ва аёллар бор, зарбалар лагерлар, бозорлар ва турар-жой мавзеларига берилмоқда.

'Исроил Ғазога ҳужумларни кучайтирди: бир суткада 30 фаластинлик ҳалок бўлди'ning rasmi

Исроил армиясининг Ғазо секторининг турли ҳудудларига уюштирган оммавий ҳужумлари оқибатида сўнгги бир кунда камида 30 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, деб хабар берди "Анадолу"нинг тиббий манбалари.

Ғазо жанубидаги Хон Юнусда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари тинч аҳоли яшайдиган уйлар ва чодирли бошпаналарга 14 марта ҳаво ҳужуми уюштирди. 15 киши ҳалок бўлди.

Жабалия қочқинлар лагери ғарбида, ал-Фалужа бозори ҳудудида фуқаролик ҳудудига зарба берилганда яна 5 киши ҳалок бўлди. 

Секторнинг марказий қисмида, Дайр-ал-Балах ва Нусайрат қочқинлар лагерида тўртта авиазарба натижасида 8 киши, жумладан, уч бола ва бир аёл ҳалок бўлди.

Исроил артиллерияси Хон Юнус шимоли-шарқидаги ал-Қарар аҳоли пунктини ҳам ўққа тутди. Бундан ташқари, Носир шифохонаси яқинидаги қўриқланадиган объектга зарба берилган, қурбонлар қайд этилмаган. Гувоҳлар Ғазо шимолидаги Байт-Лахия шаҳрига ҳам артиллерия ҳужуми уюштирилганини маълум қилган.

Исроил армияси аввалроқ Ғазода "оккупацияни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш" мақсадида қуруқликдаги кенг кўламли операция бошлаганини маълум қилганди. Ҳарбийлар фаластинликларга жанубга кўчиш ҳақида таҳдид ва чақириқлар ёзилган варақаларни ташламоқда.

БМТ, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва халқаро гуманитар агентликлар қуруқликдаги операциянинг янада кенгайтирилиши Ғазода янада каттароқ гуманитар фалокатга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Исроил ОАВ маълумотларига кўра, анклавнинг жанубий қисмида фаластинликлар зўравонлик билан кўчирилганидан сўнг, Исроил кучлари чекланган миқдорда гуманитар ёрдам тарқатиш учун вақтинчалик "йиғма лагерлар" ташкил қилмоқда. Сунъий йўлдош тасвирлари Рафаҳ ҳудудида катта майдонлар тозаланганидан далолат беради.

Сўнгги маълумотларга кўра, 2023 йил 7 октябрда Исроил ҳужумлари бошланганидан бери Ғазода ҳалок бўлганлар сони 53 339 кишига, яраланганлар сони 121 034 кишига етди.

    Бошқа янгиликлар