Хитой ҳукумати Ғазо секторидаги фаластинлик аҳолига кенг кўламли гуманитар ёрдам юборди. Ёрдам самолётининг хавфсиз парвозини таъминлаш мақсадида уни хитойлик ҳарбий қирувчи самолётлар қўриқлаб борди.
Гуманитар юкнинг аниқ миқдори ва таркиби очиқланмаган бўлса-да, маълумотларга кўра, унда озиқ-овқат, тиббий воситалар ва биринчи навбатда зарур бўлган эҳтиёжлар мавжуд. Хитой расмийлари ёрдам операциясини “инсонийлик ва тинчликка даъват” деб баҳоламоқда.
Шу билан бирга, Ғазода юзага келган оғир гуманитар вазиятга жавобан Россия ва АҚШ ҳам ўз ёрдам юкларини юборган. Аммо араб дунёсидан бу борада фақат Миср ва Иордания фаоллик кўрсатмоқда. Қолган араб мамлакатларининг сукут сақлаётгани халқаро жамоатчиликда танқидларга сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ғазо секторидаги гуманитар инқироз 2023 йил 7 октябрида ХАМАС ва Исроил ўртасида бошланган янги босқичдаги ҳарбий тўқнашувлар ортидан янада кескинлашди. Исроилнинг Ғазога қарши узлуксиз ҳаво зарбалари, ер усти амалиётлари ва блокадаси натижасида минглаб тинч фуқаролар ҳалок бўлди ва юз минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
БМТ ва халқаро инсонпарвар ташкилотлар Ғазодаги вазиятни “ахлоқий ҳалокат” деб атаб, зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва ёрдам кўрсатишга чақирмоқда. Хитойнинг ушбу ҳаракати Пекиннинг Яқин Шарқдаги янги ташқи сиёсий фаолиятининг бир қисми сифатида ҳам баҳоланмоқда.
Айни пайтда, Ғазога гуманитар ёрдам етказиш жуда хавфли ва сиёсий жиҳатдан мураккаб жараёнга айланган. Хитой томонидан ҳарбий қўриқлаш ҳамроҳлигиди гуманитар ёрдам юборилиши – бу шунчаки ёрдам эмас, балки халқаро саҳнадаги мавқе ва таъсир доирасини кўрсатишга уринувчи геосиёсий қадам сифатида ҳам кўрилмоқда.
Абдуллоҳ Саййид