Трамп администрацияси АҚШнинг энг қадимги олий ўқув юрти — “Ҳарвард” университетининг халқаро талабаларни қабул қилиш ҳуқуқини тўхтатди. Бу қарор Оқ Уй билан университет ўртасидаги кескинликни янада кучайтирди.
Давлатнинг Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ижтимоий тармоқда “Ҳарвард” университетининг талабалар ва алмашинув дастурлари бўйича сертификати бекор қилинганини эълон қилди. Унга кўра, университет "қонунларга риоя қилмагани" учун бундай чорага қўл урилган.
"Бу бутун мамлакатдаги барча университетларга огоҳлантириш бўлиши керак", — деб ёзди Ноэм Х платформасида.
“Ҳарвард” эса бу қарорни "ноқонуний" деб атади.
"Биз халқаро талабалар ва олимларни қабул қилиш борасида ўз мажбуриятимизни сақлаб қоламиз. Улар 140 дан ортиқ мамлакатдан келган бўлиб, нафақат университет, балки бутун мамлакатни бойитади", — дейилади университет баёнотида.
Қарор университетда таҳсил олаётган 6 700 дан ортиқ халқаро талабага таъсир қилиши мумкин. Бу эса “Ҳарвард” талабаларининг қарийб 27 фоизини ташкил этади.
Хабар кампус бўйлаб тезда тарқалди ва айниқса, битириш арафасида турган талабалар орасида хавотир ва норозилик уйғотди.
"Бу биз учун жуда кутилмаган янгилик бўлди. Кўпчилигимиз беш кундан кейин диплом оламиз. Энди эса АҚШда қолиш ёки ишлашимиз ноаниқ бўлиб қолди", — дейди австралиялик талаба Сара Девис “ББC”га берган интервьюсида.
"Халқаро талабаларни сиёсий қарама-қаршилик қурбонига айлантиришмоқда", — дейди швед талабаси Лео Гердéн.
Аввалроқ Трамп администрацияси Колумбия университети каби бошқа нуфузли олийгоҳларга босим ўтказган, “Ҳарвард” эса апрель ойида расмий чоралар кўришга қарор қилган эди. Университет Оқ уйни судга беришини эълон қилганди.
Оқ Уй “Ҳарвард”дан ёллаш, қабул қилиш ва дарс бериш жараёнларини ўзгартиришни, шунингдек, антисемитизмга қарши кураш чораларини кучайтиришни талаб қилган. Акс ҳолда, университетнинг солиқ имтиёзларини бекор қилиш ва миллиардлаб долларлик грантларни музлатиб қўйиш билан таҳдид қилган.
Шунингдек, Ички хавфсизлик департаменти университетга халқаро талабалар ҳақидаги кенг қамровли ҳужжатларни тақдим этишни буюрган. “Ҳарвард” бунга рози бўлмагач, расмийлар унинг халқаро талабаларни қабул қилиш ҳуқуқини расман бекор қилди.
Эндиликда, F- ёки Ж-виза эгалари бўлган талабалар бошқа университетларга ўтишга мажбур бўлади. Университет бу ҳолатни қайтариш учун 72 соат ичида талаб қилинган ҳужжатларни топшириши керак.
Бу ҳужжатлар ичида сўнгги беш йил ичидаги барча халқаро талабалар бўйича интизомий ишлар, уларнинг кампусдаги ноқонуний ёки хавфли фаолияти акс этган видео, аудио ва электрон ёзувлар бор.
Айни пайтда Калифорниядаги федерал судья эса Трамп маъмуриятининг халқаро талабалар визасини бекор қилиш қарорини вақтинча тўхтатиб турди.
"Биз бу ерга сўз эркинлиги, академик эркинлик ва эркин фикр алмашинуви учун келганмиз", — дейди Лео Гердéн.