АсосийЖамият

Тошкентда ҳайдовчи тез ёрдамга йўл бермади

Жамоатчилик енгил жазога норозилик билдирди.

'Тошкентда ҳайдовчи тез ёрдамга йўл бермади'ning rasmi

2025 йил 29 май куни Тошкент шаҳрида содир бўлган ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Lixian L9 русумли автомашина ҳайдовчиси орқасидан келаётган тез ёрдам машинасига бир неча марта огоҳлантириш берилганига қарамай, йўл бермагани акс этган видео 31 май куни интернетда тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан баёнот берган ИИВнинг Жамоат хавфсизлиги департаментига кўра, ҳайдовчи  ортидан келаётган махсус транспортни пайқамаган. Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 5-банди асосида баённома расмийлаштирилган. Қонунчиликка кўра, бу борадаги жарима миқдори 1 миллион 875 минг сўмни ташкил этади.

Бу ҳолат жамоатчилик, хусусан фаол блогерлар ва ҳуқуқшунослар томонидан кескин танқид қилинди. Хусусан, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев мазкур жаримани “ўта кулгули” деб баҳолади ва мазкур ҳаракатнинг оқибати инсон ҳаётига тааллуқли бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Жарима миқдори 1 млн 875 минг сўм. Агар 15 кун ичида тўласа, ярми — 937 минг сўм. Бу ўта енгил жазо. Айрим ҳуқуқбузарликлар учун катта миқдордаги жарималар қўлланилаётган бир пайтда, инсон ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган бундай ҳолат учун енгил жазо — адолатсизлик”, — деб ёзди Худойбердиев ўз Telegram-каналида.

У шунингдек, махсус хизмат машиналарига йўл бермаган ҳайдовчиларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш, ҳатто ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этиш ёки жиноий жавобгарликка тортиш таклифини илгари сурди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида бу каби ҳолатларда ҳайдовчининг автомашинасини мусодара қилиш таклифлари ҳам билдирилди. Улар бундай ҳаракатни “бир инсон ҳаётини инобатга олмаслик” сифатида баҳолашди.

Ҳозирча расмий идоралар томонидан жазо чораларини қайта кўриб чиқиш ёки қонунчиликка ўзгартириш киритиш ҳақида маълумот берилмаган. 

    Бошқа янгиликлар