Андижон вилоятида давлат мансабдорлари иштирокида йирик порахўрлик схемаси фош этилди. Қонунни билган ва уни ҳимоя қилиши керак бўлган шахслар уни бузишга ҳам ўзлари бош бўлган.
Хонобод шаҳридаги ҳолат
Шаҳар ҳокимининг ўринбосари, спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари билан тил бириктирган. Улар маҳаллий тадбиркор учун матрас, профнастил ва болалар тагликлари ишлаб чиқариш корхонаси қуриш баҳонасида 4 гектар ер майдонини алоҳида лот қилиб аукционга қўйди. Ерни тадбиркор номига расмийлаштириш эвазига 20 минг доллар пора олган пайтда ушланган.
Андижон туманидаги ҳолат
Туман ҳокимининг собиқ ўринбосари, шаҳар статистика бўлими раҳбари ва яна икки шахс “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасидан 6 гектар ер олиб беришни ваъда қилиб, тадбиркордан 600 минг доллар талаб қилган. Улар олдиндан 150 минг долларни олган вақтда қўлга тушган.
Бу ҳолатга Рақобат қўмитасининг вилоят бошқармасида собиқ биринчи ўринбосар бўлган шахс ҳам алоқадор. У бу “ишда ёрдам бериш” учун 11 минг доллар олгани маълум қилинди.
Тошкент вилоятидаги ҳолат
Оҳангаронда пенсия жамғармаси туман бўлими раҳбари фуқаронинг йўқолган меҳнат дафтарчасини “тиклаб”, уни пенсияга чиқариш учун 1500 доллар талаб қилган ва пора олган пайтида ушланган. Ушбу шахс аввал ҳам жиноий жавобгарликка тортилган — Жиноят кодексининг 167-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Барча гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ишлари олиб борилмоқда.