Сўнгги йилларда Озарбайжоннинг ташқи сиёсати жиддий эътиборни тортмоқда. Боку ўз манфаатларини ҳимоя қилишда эндиликда на Москвага, на Ғарбга суянмоқда. Айниқса, Қорабоғ масаласида Россия ёки халқаро ташкилотларсиз ҳаракат қилиб, ўз ҳудудий яхлитлигини ўзи тиклаши Кремлда хавотир уйғотди. Аслида эса Россияни чўчитаётган нарса — Илҳом Алиевнинг сиёсати эмас, унинг танлаган йўли бошқалар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкинлигидир.
“Озарбайжон сценарийси” нимани англатади?
Бу модель уч асосий устунга таянади: Мустақил қарорлар— Озарбайжон ташқи сиёсатини фақат миллий манфаатларга асосланиб қурмоқда. Қорабоғ бўйича ҳеч бир воситачига таянмай, ҳарбий йўл билан ҳудудларини қайтариб олди.
Нейтрал, лекин фаол дипломатия — Алиев Россия билан иттифоқчилик ҳақида баёнотлар беради, бироқ КХШТга қўшилмайди, Ғарб билан эса очиқ эшиклар сиёсатини олиб бормоқда. Туркия, НАТО, Европа Иттифоқи ва Исроил билан фаол алоқалар ҳам бунинг исботи.
Энергетик мустақиллик — Озарбайжон ўз газ ва нефтини Ғарбга етказмоқда. Бу билан Россия газига муқобил бўлиб, “Газпром”га рақобатчи сифатида қаралаяпти.
Кремлнинг қўрқуви
Россияда Озарбайжон тажрибаси собиқ СССР ҳудудидаги бошқа давлатларга ҳам илҳом бўлишидан чўчимоқда. Чунки бу сценарий шуни кўрсатмоқдаки:
— Авторитар тузум Россияга таянмасдан ҳам яшай олади.
— Ҳарбий куч орқали, Москвасиз ҳам ҳудудий муаммолар ечилиши мумкин.
— Минтақадаги “катта оға” — Россия роли тобора заифлашмоқда.
Бундай фон остида Россия ва Озарбайжон ўртасидаги зиддиятлар кучаймоқда. 2024 йил декабрида Россия ҳаво кучлари Озарбайжонга тегишли йўловчи самолётни уриб туширди. Боку бунга жавобан узр ва товон сўради. Москва сукут сақлади.
Шундан сўнг Боку Россиянинг дипломатик вакилларига босим ўтказа бошлади: Спутник Озарбайжон тинтув қилинди, Россотрудничество ёпилди, россияликлар ҳибсга олинди.
Туркия – асосий иттифоқчи
Анқара вазиятни диққат билан кузатмоқда. Президент Эрдўған барча томонларни босиқликка чақирди, бироқ Озарбайжон билан стратегик иттифоқни алоҳида таъкидлади. Озарбайжонда турк ҳарбий базасини жойлаштириш масаласи очиқ муҳокамада. Бу эса Кремлга очиқча сиёсий сигнал сифатида баҳоланмоқда.
Алиевдан Украина ва минтақага сигнал
Президент Алиев яқинда Украинага мурожаат қилиб, Россия босқинини тан олмаслик ва курашда давом этишга чақирди. У шундай деди:“Фақат ҳарбий куч статус-квони ўзгартиради. Ташқи воситачиларга суяниш позицияни заифлаштиради.”
Бу сўзлар — фақат Киевга эмас, балки Тошкент, Остона ва Ереванга ҳам хабар. Озарбайжон йўли мавжуд ва у ишлаяпти.
Марказий Осиё қандай йўл танлайди?
Қозоғистон – Туркия билан ҳарбий алоқаларни кенгайтирмоқда. Ўзбекистон – Анқара билан янги ҳамкорлик шаклларини изламоқда, суверенитетга урғу бермоқда. Арманистон – Россия иттифоқчилигидан ҳафсаласи пир бўлиб, Ғарбга қараб йўналмоқда.
Бугун Озарбайжон дунёга шуни кўрсатмоқда: на Россияга, на Ғарбга тўлиқ суянмасдан, кучли, суверен ва мустақил сиёсат юритиш мумкин. Бу модель айни пайтда Марказий Осиё давлатлари учун ҳам долзарб тус олмоқда. Энг муҳими — Боку бу йўлдан ортга қайтмоқчи эмас.