БМТ Бош котибининг фавқулодда ёрдам бўйича ўринбосари Том Флетчер Афғонистонда юз берган ҳалокатли зилзиладан кейин шаклланган инсонпарварлик инқирози жаҳон миқёсида гуманитар ишларга ажратилаётган маблағлар камайишининг қанчалик оғир оқибатларга олиб келишини кўрсатганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бутун дунёда маблағларнинг қисқариши миллионлаб одамларга тиббий ва озиқ-овқат ёрдамини етказиб беришнинг тўхташига ҳамда кўплаб гуманитар ташкилотлар фаолиятини қисқартиришига сабаб бўлмоқда.
Афғонистондаги зилзиладан сўнг БМТнинг Инсонпарварлик ишлари бошқармаси 10 миллион доллар ажратиб, вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ва тиббий хизмат кўрсатишни бошлади. Аммо Флетчернинг айтишича, бу етарли эмас — агар қўшимча маблағлар сафарбар қилинмаса, қиш мавсумида янада кўпроқ инсоний қурбонлар бўлиши мумкин.
Аввалроқ, Афғонистонда 31 август куни юз берган 6 магнитудали зилзила оқибатида 2200 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани, камида 3600 киши жароҳатлангани хабар қилинганди.