АсосийДунё

Бренд сумка таққани учун биринчи хоним неча йилга қамалади?

Бу Жанубий Корея тарихида илк марта рўй берган воқеа ҳисобланади.

'Бренд сумка таққани учун биринчи хоним неча йилга қамалади?'ning rasmi

Сеул марказий туман суди Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Конь Хини ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу Жанубий Корея тарихида илк марта рўй берган воқеа ҳисобланади.Собиқ президент эса аввалроқ исён ташкил этиш айби билан қамоққа олинган эди.

Собиқ биринчи Ким Конь Хи акция нархларидаги манипуляцияларда қатнашиш, 2022 йилги қўшимча парламент сайловларида номзодлар кўрсатишга аралашиш, “Бирлашув черкови”дан қимматбаҳо совғалар олиб, улар эвазига тижорий хизматлар кўрсатишда айбланмоқда.

Ким Конь Хи хоним бир неча омилларга кўра тергов давомида шунчаки мамлакатни ёки шаҳарни тарк этмаслик мажбурияти акс этган тилхат билан ёки гаров пулини тўлаб вақтинча озодликда юриши мумкин эди. Бироқ прокурорлар ҳибсга олиш зарурлигини "собиқ биринчи хоним айбловлар бўйича далилларни йўқ қилишга ҳаракат қилиши мумкин"лиги билан изоҳлашди.

Аслини олганда, Жанубий Кореянинг эндиликда собиқ биринчи хоними Ким Конь Хи атрофидаги шов-шувли воқеалар 2024 йил аввалида бошланган эди. Тан олиш керак, бу можаро жосуслик филми сценарийсига айланишга арзийди. Ҳамма машмаша мамлакат собиқ президентининг рафиқаси атиги 2240 доллар турадиган Dior сумкачасини совға сифатида қабул қилганидан бошланган. Шу заҳоти унга коррупция айбловлари қўйиш хавфи туғилди. Сиёсатчилар эса президент оиласи бу ҳолат учун оммавий тарзда узр сўраши шартлигини талаб қила бошлади. Айнан шу воқеа президент оиласининг қамоққа тушишига сабаб бўлди.

2023 йил ноябрда Voice of Seoul News ютуб-каналида бир видео пайдо бўлди. Time нашрининг таъкидлашича, ушбу видеони келиб чиқиши америкалик бўлган насроний пастор Чой Же махфий тарзда суратга олган. Кадрларда Чой Же Чристиан Dior бутигига кириб, қиймати 2240 доллар бўлган аёллар сумкачасини сотиб олгани кўринади. Руҳоний сумкача нархини чекни кўрсатиб исботлагани аниқ кўринади.

Сўнгра руҳоний Сеулдаги тадбирларни ташкил қилиш билан шуғулланувчи Covana Contents компанияси офисига йўл олди. Бу компанияга биринчи хоним эгалик қиларди. Шу ерда у ўша пайтдаги биринчи хоним Ким Конь Хи билан учрашиб, унга Dior сумкачаси жойланган пакетни топширган. Видеода президент рафиқаси совғани олгани аниқ кўринмайди, аммо у Чой Жега: «Бошқа ҳеч қачон бундай қиммат нарса сотиб олманг», деган.

Видео интернетда, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганидан кейин, президент маъмурияти биринчи хоним совғани қабул қилганини тасдиқлади. Бироқ улар мазкур совға «ҳукумат мулки сифатида сақланиши ва фойдаланилиши”ни айтиб, ўзларини оқлашга уринишди.

Маълумот учун, Жанубий Кореянинг коррупцияга қарши қонунларига кўра, давлат хизматчилари ва уларнинг хотинлари бир молиявий йилда 1 млн вонн, яъни 750 доллардан қиммат ёки умумий ҳисобда 3 млн вон, яъни 2245дан ортиқ совға олиши тақиқланган.

Guardian газетасининг ёзишича, Чой Же — корейс-америкалик пастор. У бир неча маротаба Пхеняндаги давлат черковларида ибодат ўтказиш учун Шимолий Кореяга борган. Руҳоний Чой Же ўзини президентнинг рафиқаси билан бир шаҳардан эканини, унинг отасини таниш бўлганини таъкидлаб келади.

Хўш, нега руҳоний президент оиласига қарши бундай провокацияга қўл урди? У буни республика Миллий мажлиси биносида ўтказилган матбуот анжуманида изоҳлади. Унинг айтишича, ҳаммаси 2022 йилда бошланган. Шунда у биринчи хоним билан учрашишга ҳаракат қилган. Руҳоний Шимолий Корея билан ҳамкорлик тарафдори ҳисобланади. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, руҳоний Шимолий Корея агенти ҳам бўлиши мумкин. У Шимолий Корея билан зиддиятларга бориш йўлини танлаган президентни обрўсизлантириш учун шундай фош қилувчи видео олгани ҳам тахмин қилинади. Руҳоний шу йўл билан биринчи хонимни ўз эрига таъсир ўтказиш, уни Шимолий Кореяга нисбатан юмшоқроқ сиёсат юритишига ундашга уринган деган гумонлар ҳам мавжуд.  

 Пасторнинг даъво қилишича, ўша учрашувда у Ким Конь Хининг телефонда нозик давлат масалалари ҳақида суҳбатлашганига ҳам гувоҳ бўлган. Бу суҳбатдан ташвишланган руҳоний кейинги учрашувда қўл соатига яширилган махфий камерадан фойдаланиб, ўзаро суҳбатни ёзиб олишга мажбур бўлган. Руҳонийнинг сўзларига кўра, Ким Конь Хи ўз ҳокимиятидан суиистеъмол қилиб, «президент маъмуриятидаги барча тизимларни шахсийлаштирган ва монополия қилиб олган” эмиш.

Албатта жамоатчилик руҳонийни жосус видеокамерасидан фойдалангани учун изза қилди. Бироқ Руҳоний Чой Же бу каби танқидларга шундай жавоб берди: «Агар махфий тарзда суратга олмасам, президент офиси ичида нималар содир бўлаётганини қаердан билар эдик?»

Қизиқ жиҳати, насроний руҳонийнинг бу қитмирлиги айни сайловлар арафасида рўй берган. 2024 йил 10 апрелда, парламент сайловлари арафасида ушбу можаро янада кучайиб кетди. Жанубий Корея прокуратураси сумка билан боғлиқ ишда коррупция элементи бўлиши мумкинлигини текширишга киришди. Бу воқеалар ортидан фуқаролик гуруҳи мамлакатнинг Коррупцияга қарши кураш ва фуқаролик ҳуқуқлари комиссиясига шикоят аризаси билан мурожаат қилиб, биринчи хоним томонидан қонун бузилиши эҳтимолини суриштиришни талаб қилди.

Кимнинг турмуш ўртоғига мухолиф бўлганлар бундай ишларнинг ҳеч қачон қўзғатилмаслигига сабаб — унинг Жанубий Кореянинг бош прокурори бўлган ва ҳозирда мамлакат президенти сифатида фаолият юритаётган шахсга турмушга чиққани, деб ҳисоблашади.

Апрель ойида мухолифат Юн Сок Ёлнинг партиясига қарши ғалаба қозониб, Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси устидан назоратни қўлга киритди. Шундан бери мамлакатнинг биринчи хоними фаолиятини тергов қилишга қаратилган учта қонун лойиҳаси қабул қилинди, аммо ҳар бирига президент вето қўйди.

«Халқ ҳокимияти» партияси аъзоси Ким Кён Юл биринчи хонимни XVIII асрдаги Франция қироличаси Мария-Антуанетта билан қиёслади. Парижда озиқ-овқат танқис бўлган бир пайтда Мария-Антуанетта ўзининг исрофгарчилиги билан ном қозонган эди. “Агар нонлари қолмаган бўлса, торт ва ширинликлар есалар бўлмайдими” деган гап ҳам айнан қиролича Мариа Антуанетта нисбат берилган. Франция қироличаси охирида жиноятчи сифатида жазоланиб, гилотинада танасини бошидан жуда қилишган. Лекин Ким Кён Юл биринчи хонимни Мариа Антуанеттага ўхшатгани учун кейинчалик узр  сўраб чиқди.

Табиийки, Жанубий Корея президентининг консерватив тарафдорлари эса руҳонийнинг сумкача ҳақидаги видеосини сайлов арафасидаги сиёсий провокация деб аташди. Президент маъмурияти эса бу можаро учун узр сўраш шарт эмаслигини таъкидлади.  «Президент ва унинг рафиқаси олган совғалар давлатники ҳисобланади ва давлат мулкидир» деган баёнот билан чиқишди. Президент оиласининг айбини тан олмагани ва халқдан узр сўрамагани фуқаролар ғазабини янада кучайтирди.

Президент рафиқаси билан боғлиқ можаронинг илк оқибати оғриқли бўлди: ҳукумат партияси сайловларда мухолифатга ютқазди. Берилган овозлар фарқи 1980 йиллар охирида Жанубий Корея демократия йўлига ўтганидан буён энг катта кўламга етган.

2024 йил 3 декабрь куни Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл халққа мурожаат қилиб, мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилди.

«Мен ҳарбий ҳолат жорий қиламан, чунки “шимолий кореяпараст” кучларни йўқотиш ва эркин конституциявий тузумни ҳимоя қилиш лозим», — деди президент.

Бироқ Миллий мажлис президент қарорига қарши чиқиб, импичмент орқали уни лавозимидан четлатди. Президент вазифасини вақтинча Бош вазир Хан Дак Су бажара бошлади.

Юн Сок Ёл 2024 йил декабрида жорий этилган ҳарбий ҳолат билан боғлиқ ишда давлатга хиёнат айблови бўйича чақирувларга уч марта жавоб бермади. У фақат 2025 йил январь ойида, бир неча марта уринишдан сўнг, исёнда гумонланиб ҳибсга олинди. Терговчилар уни қўлга олиш учун президент қароргоҳида бир неча соат давомида ҳарбийларга қарши туришди. Ортидан Юн Сок Ёл «қон тўкилишига йўл қўймаслик учун» ихтиёрий равишда терговга келишга қарор қилганини айтди. У ўзини таъқиб қилишни ноқонуний деб ҳисоблайди.

2025 йил июнь ойида мамлакатда навбатдан ташқари президент сайловлари бўлиб ўтди. Жанубий Корея президенти этиб Демократик партия номзоди Ли Чже Мён сайланди.

Биринчи хонимнинг обрўси бундан олдин ҳам бир неча воқеа сабабли хавф остида қолган эди. 2022 йилда, турмуш ўртоғининг сайловолди кампанияси пайтида, рақиб Демократик партия Ким Конь Хи хоним ўз резюмесини сохталаштирганини айтиб чиқди.

Биринчи хоним турмуш қуришидан анча олдин, 2008 йилда дизайн бўйича докторлик даражасини олган. Бироқ унинг эри президент этиб сайланганидан сўнг, Сеулдаги Кукмин университети унинг докторлик диссертациясини плагиат айбловлари асосида текширди. Комиссия хулосасига кўра, унинг тадқиқоти ва яна икки иши «на плагиат, на академик меъёрлардан жиддий оғиш ҳисобланадиган ноқонуний тадқиқот» эмаслиги аниқланди. Университет шунчаки жузъий камчиликлар бор, дея ижобий хулоса берди. Шу тариқа Демократик партиянинг гумон-шубҳалари ўз исботини топмади.

2022 йил март ойида The Korea Herald нашри биринчи хоним, 2009 – 2012 йиллар давомида BMW компаниясининг Жанубий Кореядаги дилери «Деутсч Motors» акциялари билан боғлиқ фирибгарликлар орқали ноқонуний фойда олгани ҳақида шов-шув кўтарган эди. Гап шундаки собиқ биринчи хоним ўзи ва онасининг банк ҳисобидаги пуллар билан фонд бозоридаги акцияларнинг кўтарилиши ва пасайишларига таъсир қилган ҳолда, ўртадаги фарқдан  даромад олган. 2024 йил январь ойида эса президент Юн Сок Ёл Жанубий Корея Миллий мажлисига унинг қимматли қоғозлар бозоридаги манипуляцияларга 

алоқадорлигини текшириш имконини берувчи қонун лойиҳасига вето қўйди. Шу тариқа бу айблов бўйича жараён ҳам тўхтаб қолди.

Жанубий Кореяда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш оғир жиноят ҳисобланади. Масалан, 2018 йилда Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Хе 24 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У республикада президентлик лавозимини эгаллаган илк аёл ва импичмент орқали четлатилган илк давлат раҳбари бўлди. Унга давлат сирини фош қилиш, товламачилик, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва пора олиш айблари қўйилиб, 18 млрд вон - ўша пайтда тахминан 17,5 млн доллар жарима ҳам тайинланган.

Тергов версиясига кўра, Пак Кин Хенинг яқин дугонаси президент билан яқинлигидан фойдаланиб, йирик корпорациялардан, жумладан Samsung ва Лоттедан пул талаб қилган.

2021 йил декабрда у афв этилди. Соғлиги ёмонлашгани сабабли амнистия рўйхатига киритилган. Чунки у бир йил давомида у уч марта елка ва бел оғриқлари билан шифохонага ётқизилган, ҳатто операция ҳам қилинган эди.

Нима бўлганда ҳам собиқ биринчи хоним бир қатор хусусиятлари билан Жанубий Корея сиёсий тарихида кўпгина рекордлар ўрнатди.

Унинг макиавеллистик сиёсат юритиши туфайли Жанубий Кореянинг биринчи хонимини «леди Макбет» деб аташарди, яширинмас бойлик ва шоҳона ҳаётга бўлган муҳаббати учун уни Мария-Антуанеттага қиёслашарди, пластик операциялари туфайли эса Майкл Жексонга ўхшатишарди.

Аммо собиқ президент ўз рафиқасини қаттиқ севганига шубҳа йўқ.

Юн Сок Ёлнинг рафиқасига бўлган садоқати ҳам таҳсинга сазовор. Сайловолди кампанияси давомида машҳур бир қўшиқчи «Майкл Жексонга ўхшаган хоним» номли қўшиқ чиқарганида, у қаттиқ ғазабланди. Гарчи  исми тилга олинмаган бўлса-да, ҳамма бу қўшиқ Ким ҳақида эканлигини билди, чунки у ўзининг пластик операцияларини яширмаган.

«Рафиқам менинг сиёсий фаолиятим туфайли жуда кўп азият чекади, айниқса унинг ташқи кўринишига жамоатчилик томонидан бўладиган эътибор уни қийнарди. Мен унинг шунча қийналганидан афсусдаман, чунки бу менинг сиёсий кампаниям билан боғлиқ», — деган эди ўшанда президент Юн Сок Ёл.

Тан олиш керак, пластик операциялар ва бошқа косметик парвариш усуллари собиқ биринчи хонимга фойда берган. 52 ёшли Ким Хон Ки худди 20 яшар қиздек кўринади ҳалиям.

Лекин коррупцияга эътиборсизлик, қонунларни ва халқ фикрини писанд қилмаслик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб, ўз яқинларининг фаолиятига эрк бериш - собиқ президент учун қамоқ жазоси билан якунланди. Бироқ бу садоқатли муҳаббатнинг оқибатлари шу билан тугамади. Энди севги объектининг ўзи – собиқ биринчи хоним ҳам қамоқда. Энди юқорида айтилган айбловлар қаторига – 2022 йилда парламент сайловларида қатнашиш учун номзодларни илгари суришга аралашув айблови ҳам қўшилган.

Шунингдек, бошқа бир айбловга кўра, собиқ биринчи хоним автомагистраль лойиҳасининг тугаш нуқтаси ўзгартирилиб, Сеулдан шарқда жойлашган Янпхёндаги унинг оиласига тегишли ерга кўчирилишига таъсир қилган. Шунингдек, Ким оиласига туман ҳудудида кўп қаватли уй қурилишида имтиёзли шароитлар яратилгани айтилмоқда.

Албатта, собиқ биринчи хоним ўз айбини инкор қилмоқда. Кимнинг адвокатлари унинг тергов билан ҳамкорлик қилганини ва соғлиғи ёмонлашганини таъкидлашмоқда.

Айблов унинг вақтинчалик ҳибс муддати тугашига икки кун қолганда илгари сурилди. Шу боис Ким Конь Хи ҳибсда яна олти ойгача қолиши мумкин. Агар янги айбловлар пайдо бўлса, бу муддат яна узайтирилиши мумкин.

Жамлаштириб айтганда, собиқ биринчи хонимни катта жазо кутяпти.

Хусусан, акцияларга оид манипуляциялар учун – 1 йилдан умрбод қамоққача, шунингдек, катта миқдордаги жарималар ноқонуний фойданинг икки баробаригача ёки 4 миллиард вонгача жарима қўлланилиши мумкин.

Порахўрлиги учун – 5 йилдан умрбод қамоққача, катта жарималар ва мулк мусодараси кутмоқда.

Сиёсий фондлар тўғрисидаги қонун бузилишлари учун – 5 йилгача қамоқ, 10 миллион вонгача жарима ва давлат лавозимларидан четлаштириш жазоси қўлланилади.

Агар барча айбловлар бир вақтнинг ўзида ҳақиқат деб топилса, у ҳолда реал жазо бир неча йилга – эҳтимол 10–15 йилдан кўпроқ муддатгача белгиланиши мумкин. Бу тахмин мавжуд суд амалиётини ҳисобга олган ҳолда ўзгариши ҳам мумкин албатта.

Айни пайтда мамлакат аҳолиси ва мутахассислар ушбу ишларни диққат билан кузатмоқда. Чунки улар давлат раҳбарияти орасидаги коррупция ва қонунбузарликларга қарши курашда янги сигнал сифатида қаралмоқда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Қуддусдаги автобус бекатларининг бирида отишма содир бўлди'ning rasmi

    Дунё Бугун 19:45

    Қуддусдаги автобус бекатларининг бирида отишма содир бўлди

    Оқибатда 6 киши ҳалок бўлган ва 10 нафар инсон яраланган.

    'Пойтахтда энг кўп  ЙТҲ содир бўлган туманлар айтилди'ning rasmi

    Дунё Бугун 17:30

    Пойтахтда энг кўп ЙТҲ содир бўлган туманлар айтилди

    2025 йилнинг 8 ойи давомида 4,3 мингдан ортиқ ЙТҲ содир бўлган.

    'Трамп: Россияга қарши янги санкциялар бўлиши мумкин'ning rasmi

    Дунё Бугун 16:14

    Трамп: Россияга қарши янги санкциялар бўлиши мумкин

    АҚШ президенти Кремлга қарши босим кучайтирилишини истисно этмади.

    '"Башакшеҳир" мураббийсиз қолди'ning rasmi

    Дунё Бугун 16:01

    "Башакшеҳир" мураббийсиз қолди

    Шомуродов ва Файзуллаев тўп сураётган клуб бош мураббий билан хайрлашди.

    'Қозоғистонда сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ташкил этилади'ning rasmi

    Дунё Бугун 15:00

    Қозоғистонда сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ташкил этилади

    Янги вазирликни бош вазир ўринбосари даражасидаги мутахассис бошқаради.

    'Башар Асаднинг миллион долларлик суперкар тўплами аукционга қўйилди'ning rasmi

    Дунё Бугун 14:42

    Башар Асаднинг миллион долларлик суперкар тўплами аукционга қўйилди

    Улар орасида Ferrari, Lamborghini ва Mercedes-Benz каби машҳур брендларнинг махсус моделлари бор.