Самарқанд шаҳрида қайнука поччасини ўлдириб, жасадини қопда олиб кетаётган пайтда қўлга олинди.
Маълум қилинишича, 24 август куни соат 05:30 атрофида “Навбоғчиён” ва “Бўстон” маҳаллалари раислари ҳудудни айланиб чиқиш жараёнида икки шахснинг шубҳали ҳаракатларини пайқаган. Эркак ва аёл болалар аравачаси ёрдамида қабристон томон ҳаракатланаётгани аниқланган. Аравачада бола эмас, балки елим идишлар орасида қоп яширилган бўлиб, унинг ичида жасад бўлгани маълум бўлган.
Маҳалла раислари томонидан ички ишлар органларига зудлик билан хабар берилган. Текширув давомида аниқланишича, фуқаро ўзининг поччасини ўлдирган ва жасадни қабристонга яширишга уринган.
“Баклажкаъларнинг тагига бир шубҳали нарсани кўриб қолиб, орқасидан бориб, шу қабристоннинг олдида ушлаб олдим. Қарасам, баклажкаънинг тагига ўша олиб бораётган фуқаро ўзининг поччасини ўлдириб, қотиллик қилиб, қабристонга кўммоқчи бўлди. Уларни кўриб, мен зудлик билан ички ишлар ходимларига хабар бердим. Кейин уларни ортга қайтардим. Нима бўлди, деб сўраганимда, Уйга поччам келган эди, ўлиб қолди. Шу поччамни олиб бориб, опамнинг олдига кўммоқчимиз, деган гапни қилди”, — дейди маҳалла раиси.
Ички ишлар органлари ходимлари воқеа жойига етиб бориб, жиноятни фош қилган.
Ички ишлар вазирлиги маҳалла раислари Адҳам Раҳимов ва Аъзам Остонқуловнинг ҳушёрлиги ҳамда тезкор хабардорлиги учун уларни кўкрак нишонлари билан тақдирлади.