АсосийБу қизиқ

Инсон саломатлигини 10 йил олдин башорат қилувчи сунъий интеллект яратилди

Медицина оламида янги қадам ташланди: олимлар инсон организмида келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган касалликларни олдиндан башорат қила оладиган сунъий интеллект моделини яратишди.

'Инсон саломатлигини 10 йил олдин башорат қилувчи сунъий интеллект яратилди'ning rasmi

Делпҳи-2М деб номланган мазкур дастур тиббий маълумотларни таҳлил қилиб, мингдан зиёд касалликлар хавфини ҳисоблай олади. Олимларнинг таъкидлашича, у инсон саломатлигида кузатилиши мумкин бўлган муаммоларни ҳатто ўн йил олдиндан аниқлаб бериши мумкин.

Модел қандай ишлайди?

Делпҳи-2М сунъий интеллекти аноним тиббий ёзувлар асосида ўқитилган. У шифохона қайдлари, шифокор ёзувлари ва беморларнинг кундалик одатларини таҳлил қилади. Масалан, чекиши ёки турмуш тарзи билан боғлиқ маълумотлар ҳам унинг ҳисоб-китобларида муҳим аҳамиятга эга.

Дастур об-ҳаво прогнозига ўхшаш усулда ишлайди: қандай қилиб “эртага ёмғир ёғиши мумкин” дейилса, Делпҳи-2М ҳам “фалон касаллик юзага келиш эҳтимоли бор” деган хулосага келади.

Текширув ва синов натижалари

Аввал бошда модел Буюк Британиядаги УК Биобанк лойиҳасининг 400 мингдан зиёд иштирокчилари маълумотлари билан ўқитилди. Кейинчалик Данияда 1,9 миллион одамнинг тиббий ёзувлари орқали синаб кўрилди. Натижалар шуни кўрсатдики, дастур прогноз қилган кўрсаткичлар амалда ҳам мос келган.

Делпҳи-2М айниқса диабет, юрак хуружи ва сепсис каби хавфли касалликларни олдиндан аниқлашда юқори самара кўрсатди. Бироқ, турли тасодифий инфекцияларни прогноз қилишда унинг имкониятлари чекланган.

Тиббиёт учун аҳамияти

Мутахассислар таъкидлашича, бундай сунъий интеллект келажакда шифокорларга катта ёрдам беради. Агар беморда муайян касалликка мойиллик аниқланса, шифокор унга турмуш тарзини ўзгартириш ёки дори воситаларини олдиндан тавсия қилиши мумкин бўлади. Масалан, жигар касалликлари хавфи юқори бўлган шахсга спиртли ичимликдан тийилиш кераклиги айтилади.

Шу билан бирга, технология бутун соғлиқни сақлаш тизими учун стратегик аҳамиятга эга. Ундан фойдаланиб, қайси ҳудудда қанча бемор бўлиши мумкинлиги ҳисобланади ва шу асосда шифохоналар сиғими ҳам олдиндан режалаштирилади.

Олимлар фикри

Германия Саратон тадқиқот маркази (ДКФЗ) сунъий интеллект бўлими раҳбари профессор Моритс Герстунг бу дастурни “инсон саломатлигини англашда янги давр бошланиши” деб атади. Унинг айтишича, келажакда Делпҳи-2М каби моделлар ҳар бир бемор учун индивидуал даволаш режаси тузиш имконини беради.

Яна қандай ривожлантирилади?

Ҳозирча модел асосан 40–70 ёшдаги одамлар маълумотлари асосида ўқитилгани учун уни турли ёшдаги беморлар учун қўллаш имкониятлари чекланган. Шунинг учун олимлар уни янада такомиллаштириш ва қўшимча маълумотлар — қон таҳлиллари, генетик маълумотлар ва тасвирлар билан бойитиш устида иш олиб бормоқда.

Тадқиқотнинг тўлиқ натижалари Натуре журналида чоп этилган бўлиб, у Европа молекуляр биология лабораторияси, Германия Саратон тадқиқот маркази ҳамда Копенгаген университети ҳамкорлигида амалга оширилган.

    Бошқа янгиликлар