Бугун, 25 сентябрдан Ўзбекистондаги олийгоҳларга 56,7 баллдан юқори баҳо тўплаб, кира олмаганлар учун қўшимча танловга рўйхатдан ўтиш бошланди. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Агентлик кириш имтиҳонларида 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган, аммо иккинчи босқичда ОТМ ва йўналиш танламаган абитуриентлар ҳам базавий тўлов-контракт асосида вакант ўринларга рўйхатдан ўтишлари мумкинлигини билдирган.
“Бундай абитуриентлар ОТМларнинг умумий қабул параметрлари доирасида қолган вакант (бўш) ўринлардан фанлар мажмуаси мос бўлган бештагача йўналишни танлашлари мумкин. Рўйхатдан ўтган абитуриентлар тўплаган баллари кетма-кетлиги асосида вакант ўринларга базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади”, — дейилади манбада.
Абитуриентларни рўйхатга олиш жараёни 3 октябргача давом этади, мандат натижалари эса 8 октябргача эълон қилинади.
Қўшимча танлов учун республикадаги олийгоҳларга кундузги таълимга 19 279 та, кечкига 7058 та ҳамда масофавий таҳсил учун 2544 та квота берилган.