Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятида содир бўлган кетма-кет портлашлар оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Arabiya маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб Zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, дастлаб йўл четига ўрнатилган, масофадан бошқариладиган қўлбола портловчи қурилма пикап автомобилни нишонга олган ҳолда портлаган.
Орадан кўп ўтмай, жабрланганлар тиббиёт муассасасига олиб кетилаётган пайтда иккинчи портлаш содир бўлган. Натижада қурбонлар сони камида 7 нафарга етган.
Ҳозирча ҳужум учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олмаган. Шу билан бирга, ҳудудда фаол бўлган “Теҳрик-э Толибон Покистон” (ТТП) гуруҳи мавжудлиги қайд этилмоқда.
Покистон ҳукумати ҳудуддаги хавфсизлик вазияти ёмонлашувини қўшни Афғонистондаги гуруҳлар фаолияти билан боғламоқда. Афғонистон томони эса бу айбловларни рад этиб келмоқда.






