Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум қилинишича, Қўқон шаҳрида яшовчи 1994 ва 2002 йилларда туғилган икки нафар шахс ўз таниши бўлган Қўштепа туманида истиқомат қилувчи 2001 йилда туғилган фуқаронинг “Жентра” русумли автомашинасида Фарғона туманига бориб, қўшни республикадан мамлакат ҳудудига ноқонуний ўтказилган 11 650 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қабул қилиб олган.
Шундан сўнг Қўқон шаҳрига қайтиб кетаётган вақтларида тезкор гуруҳ томонидан Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилган. Улар автомашинадан дори воситаларини улоқтириб, воқеа жойидан қочмоқчи бўлган, бироқ режалари амалга ошмаган.
Аниқланишича, қонунбузарлар ушбу турдаги дориларни Фарғона ва Қўқон шаҳарларида яшовчи шахсларга сотиш билан шуғулланиб келган.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






