Ҳиндистонда дори ишлаб чиқарувчиларга 2025 йил охиригача заводларини халқаро стандартларга мос равишда модернизация қилиш топширилди. Корхоналарнинг муддатни узайтириш ҳақидаги сўровлари рад этилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Қарор маҳаллий ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан камида 24 нафар бола вафот этгани сабаб қабул қилинди. Янги тартибга кўра, фармацевтика корхоналари ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизликни ошириш, дорилар таркибини синовдан ўтказиш ва уларнинг сифатини баҳолаш учун қўшимча маблағ ажратиши лозим.
Бу талаб Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сироплари Африкада ва Марказий Осиёда 140 дан ортиқ боланинг ўлимига сабаб бўлгани аниқлангач, жорий этилган эди. Мазкур воқеа Ҳиндистоннинг “дунёга дори етказиб берувчи мамлакат” сифатидаги обрўйига жиддий путур етказган.
Йирик фармацевтика компаниялари 2024 йил июнь ойида модернизацияни якунлаган бўлса, кичикроқ фирмаларга имтиёз тариқасида 2025 йил охиригача вақт берилган эди. Бироқ Ҳиндистон фармацевтика саноати уюшмасининг айрим вакиллари корхоналар харажат сабабли банкротликка учраши мумкинлигини айтиб, қўшимча муддат сўраган.
Аммо октябрь ойларида Coldrif сиропини истеъмол қилган болалар орасида ўлим ҳолатлари қайд этилгач, ҳукумат бу илтимосни рад этди. Сиропни ишлаб чиқарган Sresan Pharmaceutical Manufacturer компанияси ўз ишлаб чиқариш иншоотларини янгиламагани аниқланган. Шу сабабли ҳукумат модернизация муддати узайтирилмаслигини маълум қилди.