Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги 41-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчи қизлари жанжаллашгани айтилган хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 октябрь куни 9-“А” синф ўқувчиси Ф.Ф. билан 9-“Б” синф ўқувчиси Р.Г. кечга яқин ўзларининг яшаш хонадонида уй телефонида ўзаро гап талашган. Оқибатда улар 14 октябрь куни 6-соат дарсидан кейин “Қоратепа” МФЙдаги Сарбозор кўчасида тахминан соат 14:20 лар атрофида ўзаро жанжаллашган. Воқеа жойида ўқувчиларнинг синфдошлари ҳам бўлган.
Билдирилишича, ушбу ҳолат юзасидан жараёнларда иштирок этган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган ҳамда туман ИИБ масъуллари томонидан жараёнда иштирок этган жами 12 нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) мувофиқ мамурий баённомалар расмийлаштирилган.