Кеча, 20 октябрь куни Туркманистоннинг Серхетобод шаҳридан Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрига газ қувури ётқизиш ишларига старт берилди. Бу ҳақда “Altyn Asyr” хабар берди.
Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов “Арқадағнинг оқ йўли” номи билан машҳур бўлган Серхетобод-Ҳирот газ қувурининг навбатдаги босқичи ишга туширилишига бағишланган тантанали йиғилишда нутқ сўзлади. У лойиҳадаги иштироки учун туркман газчиларига, газ қувурини амалга оширишда кўрсатган ёрдами учун Афғонистон томонига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар газ қувури йўналиши бўйлаб Туркманистон-Афғонистон-Покистон электр узатиш линияси, темирйўл ва автомобиль йўллари, шунингдек, логистика марказлари қурилишини маълум қилди.
Лойиҳа ТАПИ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) газ қувури лойиҳасининг бир қисми бўлиб, “Туркмангаз” давлат концерни томонидан амалга оширилмоқда. У Туркманистон табиий газини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ташқи бозорларга барқарор етказиб беришни таъминлашга қаратилган.
Қувурнинг 214 километрлик туркман қисми аллақачон қуриб битказилган. Афғонистоннинг Ҳирот вилоятига борадиган янги газ қувурининг узунлиги 153 километрни ташкил қилади. Ишга 200 дан ортиқ замонавий техника жалб этилган. Лойиҳада Афғонистон фуқаролари ҳам иштирок этмоқда. Лойиҳа янги иш ўринлари яратиб, Афғонистонга йилига 1 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради.
Нашрнинг ёзишича, ТАПИ лойиҳаси минтақа мамлакатлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Бу туркман-афғон муносабатларини мустаҳкамлайди ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантиради, шу билан бирга қўшни давлатлар учун барқарор иқтисодий макон яратади.