АсосийДунё

Венгрия парламенти мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини яна олти ойга узайтирди

Қарор Украинадаги қуролли можарога боғлиқ ҳолда қабул қилинди.

'Венгрия парламенти мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини яна олти ойга узайтирди'ning rasmi

Бугун, 21 октябрь куни Венгрия парламенти мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини яна олти ойга – 2026 йил 13 майгача узайтирди. Ушбу қарор Украинадаги қуролли можарога боғлиқ ҳолда қабул қилинди. Бу ҳақда парламент сайти маълум қилди.

Маълум қилинишича, парламентдаги овоз бериш жараёни қонунчилик органи сайтида жонли эфирда намойиш этилган. 127 депутат қарорни қўллаб-қувватлаган, 56 нафари эса қарши чиққан. Фавқулодда ҳолат режими Бош вазир ва ҳукуматга айрим қарорларни парламент муҳокамасиз, тезлаштирилган тартибда фармон ва қарорлар орқали қабул қилиш имконини беради. Ҳукмрон “ФИДЕС – Венгер фуқаролик иттифоқи” партияси ва унинг иттифоқчиси – Христиан демократлар анъанавий тарзда ҳужжатни қўллаб-қувватлаган, мухолифат эса уни танқид қилган.

Венгрия ҳукумати илк бор фавқулодда ҳолатни 2022 йилнинг май ойида, Украинадаги воқеалар сабабли 180 кун муддатга эълон қилган. Шундан буён у олти марта узайтирилган.

“Украинадаги можаро уч йилдан ортиқ давом этмоқда ва Венгриядаги вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Унинг оқибатлари бизнинг кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланди, бу эса фавқулодда ҳуқуқий тартибни сақлаш зарурлигини яққол кўрсатади”, дейди Адлия вазирлиги давлат котиби Роберт Репаши парламентдаги чиқишида.

    Бошқа янгиликлар