АсосийДунё

Марказий Осиё банклари ЕИнинг “қора рўйхати”га тушдими?

Бу ҳақда Европа Иттифоқи журналида эълон қилинди.

'Марказий Осиё банклари ЕИнинг “қора рўйхати”га тушдими?'ning rasmi

Қирғизистон ва Тожикистон банклари Европа Иттифоқининг Россияга қарши 19-санкциялар пакетига киритилди. Бу ҳақдаги ҳужжат Европа Иттифоқи журналида эълон қилинди.

Маълум бўлишича, чекловлар нафақат Россиянинг компания ва банкларига, балки Марказий Осиё, Хитой, Ҳиндистон ва Таиланддаги бизнес субъектларига ҳам татбиқ этилган.

Санкциялар рўйхатига 21 нафар жисмоний ва 42 та юридик шахс, шунингдек Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондаги бир нечта юридик шахслар киритилган. Улар илгари жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берганликда гумон қилинмоқда. Европа Иттифоқи уларга Европадаги ҳамкорлари билан ҳар қандай молиявий операцияларни амалга оширишни ва халқаро тўлов тизимларидан фойдаланишни тақиқлаган.

Санкциялар Қирғизистоннинг “Толубай” ва “Евроосиё жамғарма банки”, шунингдек Тожикистоннинг “Душанбе Сити банк”, “Спитамен” ва “Тожикистон коммерс банки” фаолиятига ҳам таъсир қилади.

Ушбу чекловлар жорий йилнинг 12 ноябридан кучга киради. 25 ноябрдан эса Payeer тўлов хизматига нисбатан ҳам санкциялар амал қилади.

Янги санкциялар пакети Россиянинг бешта банки, криптобиржалари ва нефть савдоси билан шуғулланувчи компанияларга ҳам қаратилган бўлиб, улар Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, БАА, Парагвай ва Гонконг орқали фаолият юритган. Бундан ташқари, энди Россияга атиргул, рододендрон ва азалия гулларини етказиб бериш тақиқланади. Шунингдек, барглар, дарахт шохлари, куртаксиз ўсимлик қисмлари, ўтлар, мох ва лишайниклар экспорти ҳам ман қилинди. Европа Иттифоқи, шунингдек, Россияга двигателли пластик ўйинчоқларни экспорт қилишни ҳам тақиқлади.

    Бошқа янгиликлар