Ҳодиса сабабли НАТО ҳаво полицияси миссияси доирасида Испанияга тегишли Eurofighter Typhoon қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилган. Литва бош вазири Инга Ругинене вазият тўлиқ назоратда эканини айтди ва миллий хизматлар ҳамда иттифоқчиларнинг тезкор ҳаракатини олқишлади.
Президент Гитанас Науседа Россиянинг бу ҳаракатини “халқаро ҳуқуқни ва мамлакат суверенитетини қўпол равишда бузиш” деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонаси вакилларини чақириб, нота топширади.
Сўнгги ойларда шунга ўхшаш ҳолатлар кўпайгани қайд этилмоқда: 10 сентябрь куни Россия дронлари Польша ҳаво ҳудудига, 20 сентябрда эса учта МиГ-31 қирувчиси Эстония чегарасидан ўтган. НАТО бундай ҳолатларни “тобора масъулиятсиз ҳаракатлар” деб баҳолаб, ўз ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишини маълум қилди.
Литва мудофаа вазири Довиле Шакален 2015 йилда Туркия Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширгани воқеасини эслаб, “агар керак бўлса, ҳаво ҳудудини бузган самолётлар уриб туширилиши лозим”лигини таъкидлади. Украина президенти Владимир Зеленский эса Москва бу ҳаракатлар орқали Европа осмонини ҳимоя қилиш салоҳиятини синовдан ўтказаётганини билдирди.






