Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара ҳудудида икки давлат ҳукумати кучлари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди. Ҳодиса жорий йилнинг 25 октябрь куни Шамсиддин Шоҳин туманида юз берган. Бу ҳақда “8 субҳ” нашри хабар берди.
Билдирилишича, отишма Тожикистоннинг Шамсиддин Шоҳин тумани ва Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги Шаҳри-Бузург тумани орасида жойлашган Дованг қишлоғида содир бўлган. Можаронинг сабаби Панж (Амударё) дарёсининг ўз оқимини ўзгартиргани бўлган.
ОАВ хабарларига кўра, тўқнашув олтин қазиб олинадиган ҳудудда бўлиб, у ерда Хитой компаниялари ҳам фаолият юритади.
Отишма қурбонларга сабаб бўлган, бироқ ҳалок бўлган ва яраланганлар сони маълум эмас. Қайси томонда талофатлар борлиги ҳам ҳозирча номаълум.
Журналистларнинг Тожикистон Чегара қўшинларидан изоҳ олишга уринишлари самарасиз бўлган. “Толибон” ҳам ҳозирча расмий баёнот бермаган. “8 субҳ” хабарига кўра, отишмадан сўнг муваққат ҳукумат вакиллари Бадахшоннинг янги губернатори Исмоил Ғазнавий билан йиғилиш ўтказган ва унда чегара ҳудудидаги вазият муҳокама қилинган.
Шаҳри-Бузург тумани аввал ҳам “Толибон” ҳарбийлари ва тожикистонлик чегарачилар ўртасидаги қуролли тўқнашувларга гувоҳ бўлган. Бироқ илгарироқ “Толибон” матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара “хавфсиз ва тўлиқ назорат остида” эканини таъкидлаган.
“Ҳар икки томон ҳам хавфсизлик учун масъул, биз ўз мажбуриятларимизни бажаряпмиз”, деган у.
Қайд этилишича, тўқнашув “Толибон” делегацияси Балх вилояти губернатори Юсуф Вафа бошчилигида Душанбега ташриф буюрганидан бир неча кун ўтиб содир бўлган.






