Афғонистонда яшовчи қозоқ жамоаси Қозоғистон Президентига мурожаат қилиб, уларни ватанига қайтаришда ёрдам сўраган. Бу ҳақда “Zamon.uz” нашри хабар берди.
Улар мамлакатдаги оғир ижтимоий ва хавфсизлик шароитида хавотирда. Толибон ҳукмронлиги остидаги иқтисодий қийинчиликлар, таълим ва маданий соҳалардаги чекловлар, шунингдек, Афғонистон–Покистон чегарасидаги қуралли тўқнашувлар уларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда.
Афғонистон Қозоқ Маданий Маркази раиси Ҳожи Асат Оймауытнинг билдиришича, мамлакатда 200–300 га яқин қозоқ оиласи истиқомат қилади. Қозоқлар тарихий тил, урф-одат ва миллий ўзлигини сақлаб қолган бўлса-да, улар хавфсиз ва тинч яшаш имкониятидан маҳрум. Шу сабабли, улар Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ва шахсан Президент Қосим-Жомарт Токаевдан тарихий ватанига кўчиб ўтишда ёрдам сўрашган.
Улар ўз мурожаатида тинчликсевар, меҳнаткаш ва ватанпарвар эканликларини таъкидлаб, Қозоғистонда яшаш ва мамлакат фаровонлигига ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдирган.






