АсосийЖамият

Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Сербия Президенти хорижий давлат раҳбарлари орасида марказга ташриф буюрган илк етакчи бўлди.

'Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатда бўлиб турибди.

29 октябрь куни Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич рафиқаси Тамара Вучич ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрида барпо этилган, Ислом меъморчилигининг ҳақиқий дурдонаси ва Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс даври тимсоли саналган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонга марказ раҳбарияти ва олимлар ҳамроҳлик қилиб, дунёда ўхшаши бўлмаган ушбу улкан меъморий мажмуа ҳамда унинг жаҳон илм-фани ва ислом оламидаги ўрни ҳақида батафсил маълумот беришди.

Қадимий меъморий анъаналар ва миллий безаклар уйғунлигида қурилган, тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз барпо этилган бу иншоотнинг маҳобати меҳмонларни ўзига ром этди. Президент Александр Вучич марказнинг буюк аждодлар галереяси, Исломдан олдинги давр, Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс, Янги Ўзбекистон экспозициялари билан танишди.

Сербия давлат раҳбарига замонавий шаҳарсозлик шароитида бундай меъморий ёдгорликларнинг аҳамияти, Марказнинг мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Президент Александр Вучич марказдаги экспозициялар билан танишиб, халқимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини кенг намойиш этишга қаратилган бундай ишлар юксак самара беришига ишонч билдирди.

“Мен сизнинг Президентингизни ва мамлакатингизни ана шундай муҳташам мажмуа ишга тушаётгани билан табрикламоқчиман. Аввало бизга ушбу муҳташам марказ билан яқиндан танишиш имкони берилгани учун миннатдорлик билдираман.  Бу йирик илмий-маърифий марказ нафақат хориждан келган меҳмонлар учун, балки ёш авлод вакиллари учун  ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Чунки улар бу марказ орқали  ўзбек халқи маданияти ва  тарихи билан таниша оладилар.

Шунинг учун мен бугун жуда кўп нарсани ўргандим деб ўйлайман ва албатта бу ерга яна қайтаман. Чунки Ислом цивилизацияси маркази ниҳоятда замонавий ва ажойиб усулда бунёд этилган. Мен бунга ўхшаш марказни аввал ҳеч қаерда  кўрмаганман. Мен  сербиялик барча ватандошларимга шундай деган бўлардим: “Азизларим, мен жуда катта хато қилганман, чунки Ўзбекистонга  илгари ҳеч қачон келмаганман. Илтимос, имкон қадар тезроқ бу юртни кўриш учун келинглар.”- деди Сербия Президенти Александр Вучич.

    Бошқа янгиликлар