Қозоғистонда вафот этган беморнинг 5 аъзоси олти нафар беморга ўтказилди. Олмаота шаҳридаги Марказий шаҳар клиник касалхонасида вафот этган донорнинг яқинларининг розилиги билан ўтказилган кўп аъзоли трансплантация жараёни натижасида олти нафар беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда “Zamon.uz” нашри хабар берди.
1962 йилда туғилган аёлдан олинган ҳаётий аъзолар қуйидаги беморларга муваффақиятли ўтказилди:
Юрак – 1988 йилда туғилган беморга
Жигар– 1982 йилда туғилган беморга
Ўнг буйрак– 1996 йилда туғилган беморга
Чап буйрак– 2017 йил октябридан бери трансплантация кутаятган 1966 йилда туғилган беморга
Кўз шох пардаси– 1983 ва 1956 йилларда туғилган беморларга.
Трансплантация жараёни Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика трансплантация ва юқори технологияли тиббий хизматларни мувофиқлаштириш маркази томонидан ташкил этилиб, Олмаотанинг етакчи трансплантация марказлари иштирок этди.
Донор ёшига қарамасдан, олинган аъзолар аъло ҳолатда бўлиб, уларнинг кейинги фаолияти учун мос эканлиги тиббиёт мутахассислари томонидан тасдиқланди.
Республика маркази донор оиласига уларнинг жасоратли қарори, шунингдек, тиббиёт мутахассисларига мураккаб жараённи юқори даражада амалга оширганликлари учун миннатдорчилик билдирди.






