Кеча, 29 октяб куни Қозоғистонда 1990 йилдан буён турли давлат лавозимларида ишлаган Ержан Бобоқумаров калтаклаб ўлдирилди. Бу ҳақда “Zamon.uz” хабар берди.
Маълум қилинишича, Бобоқумаров ва унга олдиндан таниш бўлган фуқаро ўртасида чиққан оғзаки жанжал муштлашувга айланган. 56 ёшли собиқ амалдор олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Собиқ давлат маслаҳатчисининг ўлимини мамлакат Бош прокурорининг ўринбосари Галимжон Қўйгелдиев ҳам тасдиқлаган. Унинг таъкидлашича, полиция терговга қадар текширув ўтказган ва барча тергов натижаларини кутиши керак.
“Гумонланувчи қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Қотиллик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади полиция хабарида.
Ержан Бобоқумаров ўтган йиллар давомида Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизмати, Таҳлил ва прогнозлаш марказига раҳбарлик қилган. Шунингдек, у Президент департаменти раҳбари ўринбосари, Олмаота шаҳри ҳокимининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. Бобоқумаров 2019 йилнинг апрель ойидан июль ойигача Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг маслаҳатчиси бўлган.






