Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакатда ядровий қурол синовлари ўтказилаётгани ҳақидаги даъволарни инкор этди. Бу RBC news нашри хабар берди.
Песковнинг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Москва ядровий синовлар ўтказаётгани ҳақидаги сўзлари ҳақиқатга тўғри келмайди.
“Буревестник ва Посейдон тизимлари ҳақида президент Трампга берилган маълумотлар тўғри етказилганига умид қиламиз. Бу ҳеч қандай тарзда ядровий синов сифатида талқин қилинмаслиги керак”, деган Кремль вакили 30 октябрь куни.
Журналистлар саволига жавоб берар экан, Песков АҚШ раҳбари Пентагонни ядровий синовларга тайёргарлик кўришга буюргани ҳақида ҳам тўхталган.
“АҚШ суверен давлат ва у ўз қарорларини мустақил қабул қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ биз бу борада ҳеч қандай расмий билдиришнома олганимиз йўқ”, деган Песков.
Кремль вакили, шунингдек, “Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартнома” ҳақида ҳам фикр билдирган. Москва ҳам, Вашингтон ҳам 1990 йилларда ядровий синовларга мораторий жорий қилганди. Песковга кўра, икки давлат шартномани ҳали ратификация қилмаган.
“Биз янги қуролланиш пойгаси бошланган деб ҳисобламаймиз” деб қўшимча қилган Песков.






