Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь пойтахти Минскда расмий ташрифни Ғалаба монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошлади. Шунингдек, давлат раҳбари Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан норасмий учрашув ўтказиб, эртанги олий даражадаги музокаралар кун тартибини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрига келди. Давлат раҳбарини Минск халқаро аэропортида Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин, ташқи ишлар вазири Максим Риженков ҳамда бошқа расмийлар кутиб олди.
Ташрифнинг биринчи тадбири сифатида Президент Мирзиёев Ғалаба монументи пойига гулчамбар қўйиб, Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига эҳтиром кўрсатди. Маросимда ҳарбий оркестр ижросида икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради, фахрий қоровул аскарлари тантанали марш билан ўтди.
Шунингдек, расмий ташриф дастури доирасида Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Президенти Александр Лукашенко ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди. Унда Беларусь етакчиси давлатимиз раҳбарини самимий қарши олиб, ташриф учун миннатдорлик билдирди.
Президентлар 9 июль куни бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокаралар кун тартиби юзасидан фикр алмашди. Томонлар ташриф арафасида ўтказилган тадбирлар, хусусан, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги Ҳудудлараро форум якунларини ҳам юқори баҳолади.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 9 июль куни Минскдаги Мустақиллик саройида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон ва Беларусь етакчилари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.






