АсосийДунё

Туркия Президенти ва Германия канцлери Фридрих Мерс Ғазо масаласида келиша олмади

Германия канцлери ҲАМАСни Ғазодаги вазият учун асосий жавобгар деб ҳисобламоқда.

'Туркия Президенти ва Германия канцлери Фридрих Мерс Ғазо масаласида келиша олмади'ning rasmi

Туркия Президенти Ражаб Тоййип Эрдўған ва Германия канцлери Фридрих Мерс ўртасида Анқарада бўлиб ўтган учрашувда Ғазо инқирози масаласи кескин баҳс мавзусига айланди. Икки давлат раҳбарининг қарашлари зиддияти матбуот анжуманида ошкора намоён бўлди. Бу ҳақда “Zamon.uz” нашри хабар берди.

Германия канцлери Мерс ўз позициясини аниқ ифодалаб, Берлиннинг Исроилни қўллаб-қувватлаш сиёсати ўзгармаслигини таъкидлади. У: "Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Агар ҲАМАС гаровдагиларни озод қилганида ва қуролни ташлаганида, қурбонлар сони бу қадар кўп бўлмасди", деб эътироз билдирди.

Туркия Президенти Эрдўған эса бу фикрга қатъий қаршилик кўрсатиб, "ҲАМАС ядровий ёки оғир қуролларга эга эмас. Исроил ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, Ғазога зарба беришда давом этмоқда. Улар фақат ҳужум қилибгина қолмай, балки Ғазони очлик ва геноцид орқали бўйсундиришга ҳаракат қилишмоқда", деди.

Шу билан бирга, Эрдўған Туркия ва Германиянинг Ғазонинг келажаги бўйича "биргаликда ҳаракат қилиши"га умид билдирди. Мерс эса Туркияни ҲАМАСга таъсир кўрсатишга ва тинчлик режасининг иккинчи босқичига ўтишга чақирди.

Эрдўған Туркия вазирларига ҲАМАС раҳбарлари билан мулоқотни давом эттириш вазифаси юкланганини маълум қилди, бироқ бунинг батафсил тафсилотларини очиқламади.

    Бошқа янгиликлар