Андижон, Навоий, Самарқанд, Тошкент вилоятларида туман-шаҳарларга янги ҳокимлар тайинланди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, Оҳангарон шаҳрида Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўтган қарийб икки йил мабайнида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги мақсад ва вазифаларнинг ижроси юзасидан танқидий-таҳлилий маъруза қилган.
Шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Музаффар Ражаббоев ишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун лавозимидан озод этилди. Зойир Мирзаев Оҳангарон шаҳар ҳокими лавозимига туман ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Садриддин Шоқосимов номзодини тавсия қилди.
Номзод шаҳарнинг яқин истиқболи юзасидан тақдимот қилди. Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгаши Садриддин Шоқосимовни шаҳар ҳокими этиб тасдиқлади.
Элёрбек Абдураҳмонов Хонобод шаҳри ҳокими этиб тайинланди. Ушбу лавозимга тайинлангунига қадар, Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи сифатида фаолият олиб борган.
Шоҳрух Болтаев Навоий вилояти Кармана тумани ҳокими этиб тайинланди. Тайинловга қадар у Кармана тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Шунингдек, Алишер Рашидов Навбаҳор тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар у Навоий вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.
Нарпай туманига ҳам янги ҳоким тайинланди. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган Анвар Болиев ҳоким этиб тайинланди.






