1

«Катта юракли дугонамга кичкина хат»

МУТОЛАА 19.12.2016, 12:27
Теглар: Хикоя
«Катта юракли дугонамга кичкина хат»

Азизам, шу кунларда бирам чиройлисанки, телефонимга юборган расмларингни томоша қилиб туриб, наҳотки шу қиз ўзим 9 йилдан бери билган ўртоғим бўлса, деб иккиланиб қоламан.

Ҳа, ўзинг айтгандек, «Хор бўлганлар ўзига зор қилиш йўлини топар экан...» Аслида «хор бўлиш» деган сўз бирикмани ишлатишга ақлим ҳам, қўлим ҳам бормайди, рост. Лекин сендек дили тоза, қувноқ, атрофидагиларга фақат яхшилик соғинадиган қизнинг бир бетайин ва бетийиқнинг қўлида чиндан ҳам хор бўлганингни эсласам, «Нимага ахир, у бунга муносиб эмасди-ку?!» деб бақиргим келади. Шундай пайтларда йигит кишилардан жаҳлим чиқиб кетади: нега яхши қизларни ҳаётдан норози қиласиз? Нега уларнинг бахтини поймол қиласиз? Виждон, иймон, никоҳга қасам — булар қаёқда қолди? Фарзандга ҳурмат ва шукр-чи?

Нозиккина вужудингда катта юрак асраётганингни биламан. Бир неча ойгина давом этган оилавий ҳаётингда бир ёруғ кун бўлмаганини ҳам биламан. Ўрнингда бошқаси ойлаб йиғлаши мумкинлиги ҳолда сен жимгина, кулимсираб, «Ҳа, энди, табиатимиз тўғри келмади-да», деб қўя қолишингга ҳайрон қоламан. Ҳа, сен ўзингни идора қилишни билдинг! Дод солмадинг, нариги томонга иғволар тўқимадинг, фитналар уюштирмадинг, бошқаларга ўхшаб мағзава ағдармадинг. Яна ўзингнинг фалсафангга кўра, «Чиройли тўй қилишни билганлар чиройли ажрашишни ҳам билиши керак», дединг ва шунга амал қилдинг. Ҳолбуки, вужудингда беш ойлик ҳомила, охирига етмаган ўқиш, топширилмаган имтиҳонлар, олдинда турган диплом ҳимояси, бу ёқда яна руҳий эзилишлар — ҳамма-ҳаммаси қуюндек келиб сени забтига олди. Ўша пайтда сенга руҳий мадад, кўмак, тасалли кераклигини ҳис қилсам ҳам, ёнингга истаган пайтда етиб боролмадим, ёки қўнғироқ қилиб руҳингни кўтаришга ҳаракат қилмадим. Ўйлаб қарасам, мен ҳар доим ўзини ўйлайдиган ўртоқ бўлган эканман. Чунки шу пайтгача доим мен — сўзловчи, сен — тингловчи бўлгансан. Қачон қарама, фақат мен ўзимнинг қувонч-ташвишларимдан сўзлабман, лекин бирор марта «Қани гапир, ўзингда нима гаплар?» дейишга ярамабман. Сен ҳам сўрамагунимча айтмайсан, бекорга сени Ёрилтош демайман-да! Шу кичкинагина умримда озми-кўпми таниш-билиш, дўст-дугона орттирдим, аммо атрофимдаги дили билан тили бир инсон фақат сен эканингга кўп бор амин бўлдим. Аслида исмингнинг маъноси ҳам «дили чиройли қиз» деган мазмунни беради. Бугун оппоққина, момиққина, кўзлари маржон-маржон полвончанинг нозиккина, қувноққина, бироқ руҳан кучли онасисан! Барча умидларингни, орзуларингни шу аржумандинг толеъида кўрасан, насиб, албатта, шундай бўлади!

Баъзан арзимаган муаммоларимдан сўзлаб, сенга дарди ҳол қиламан-у, кейин дами чиққан пуфакдек бўшашиб, енгиллашиб қоламан. Сенинг биргина «Қўйсанг-чи, шунга шунчами?» деганча қўл силкиб, шаҳдим ва жаҳлимдан тушириб қўйишингга ишониб қолганман-да…

Эртага туғилган кунинг. Ҳар сафар туғилган кунимда бир кун аввалдан табриклашни бошлайсан. Совға-салом учун ҳеч нимангни аямайсан. Мен ўзимнинг рўзғорим, болаларим ташвишлари билан амаллаб табрик жўнатгандек бўламан. Бўйим чўкиб, ақлим ошиб, ёшим каттариб борган сари одамнинг одамдан фарқини англаб бораяпман ва энг яхши дўстимга бўлган муносабатимни дарҳол ўзгартиришим кераклигини тушунаяпман...

Ҳамиша ёнимда ва ёдимда бўлгансан, азизам дугонам! Йўқолиб қолсам, йўқламай қўйсам, бирор марта мендан гина қилмай, ҳамиша қучоқ очиб кутиб олган, сўзга зор бўлсам, гап берган, пулга эҳтиёж қилсам, борини узатган, ютуқларимдан астойдил қувонган чинакам дўстим, туғилган кунинг муборак бўлсин! Сен бугун ҳаммадан чиройлисан, ҳаммадан ҳам севимлисан! Эртага бундан ҳам бахтли бўлишингни тилайман! Тез орада чинакам тақдиринг келишига ва ўзингга муносиб Бахтни қаршилашингга ишонаман! Дили чиройлигинам, тили соддагинам, кичкинагина, аммо катта юракли, фарзандини ҳам ота, ҳам она бўлиб улғайтираётган дугонагинам, руҳингни чўктирма, кучли эканингни исботлагансан, энди бахтли эканингни ҳам кўрсатиб қўй!

АЗИЗАНГ

Шарҳлар

Йигирма йил кутилган бахт

16.01.2017, 14:47

— Турмуш қурганимизга йигирма йил бўлди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилиб ўзини Динора опа деб таништирган мухлисамиз. — Турмуш ўртоғим иккимиз институтда ўқиб, севишиб, ота-онамизнинг...
Келин қул деганими?

13.01.2017, 15:24

Шаҳло қайнонасининг қадам товушларидан уйғониб кетди. Эндигина кўзи илинганди-я. Қизини ухлатиш қийин, ёшига тўлмай сунъий овқатга ўргатгани учун бир дарди икки бўлган. Шаҳлонинг ўзи белида...
«Севганим чиройли…»

12.01.2017, 16:28

Турмуш ўртоғинг чиройли бўлса ҳам қийин экан. Атрофдаги аёллар ундан кўз узмай туришига чидаш осонми? Бундай вазиятда рашк қилиш, кўз ёш тўкиш, кетаман деб қўрқитиш...
«Дадам ва онамни яраштирганим…»

11.01.2017, 11:26

Макр ишлатиш аёлларга хос, дейишади. Аммо ёш бўлишимга қарамай, мен ҳам макрдан фойдаландим. Буни ёмонликка йўйманг. Оиламизни сақлаб қолиш учун қилдим буни… Бир бошидан айтиб...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1