АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати тарихдаги энг сермаҳсул мундиал сифатида рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Халқаро футбол федерацияси (FIFA) маълум қилди.
Бугун, 26 июнь куни гуруҳ босқичи учинчи туридан ўрин олган АҚШ ҳамда Туркия терма жамоалари ўртасидаги учрашувда турнирнинг тарихий рекорди қайд этилди. Учинчи дақиқада АҚШ ҳимоячиси Остон Трасти ҳисобни очди ва мазкур гол мундиалдаги 173-гол бўлди. Шу тариқа 2026 йилги Жаҳон чемпионати голлар сони бўйича аввалги барча мундиалларни ортда қолдирди.
Учрашув давомида яна тўртта гол урилди ва турнирдаги жами голлар сони 177 тага етди.
Бунга қадар энг яхши натижа 2022 йил Қатарда ўтказилган Жаҳон чемпионатида қайд этилган бўлиб, ўшанда жами 172 та гол урилган эди. Ундан аввалги рекорд эса 1998 ва 2014 йилги мундиалларга тегишли бўлиб, ҳар икки мусобақада 171 тадан гол қайд этилган.
Эътиборлиси, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичи ҳали тўлиқ якунланмаган. Шу боис турнир давомида голлар сони янада ошиб, мавжуд рекорднинг янада яхшиланиши кутилмоқда.






