Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хи давлат лавозимларига тайинлов эвазига пора олганликда айбдор деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, суд Ким Гон Хи оддий фуқаролар умри давомида деярли дуч келмайдиган даражада қимматбаҳо совғаларни ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилганини таъкидлаган.
Тергов маълумотларига кўра, пора сифатида қабул қилинган буюмлар орасида Van Cleef & Arpels маржони, Tiffany броши, Graff сирғалари, Dior сумкаси, қиймати 39 миллион вондан (25 минг АҚШ долларидан ортиқ) зиёд бўлган Vacheron Constantin қўл соати, 140 миллион вонлик картина ҳамда олтиндан ясалган тошбақа ҳайкалчаси бўлган.
Тергов материалларида қайд этилишича, пора берганлар орасида куёвини давлат лавозимига тайинлатишни кўзлаган қурилиш компанияси эгаси, юқори мартабали амалдорлар билан алоқаларини кенгайтиришга уринган пастор, хусусий университетнинг собиқ раҳбари ҳамда президент хавфсизлик хизматига маҳсулот етказиб беришни мақсад қилган компания раҳбари бўлган.
Суд Ким Гон Хига 64,8 миллион вон миқдорида жарима тайинлади. Шунингдек, пора сифатида олинган буюмлар аниқланган тақдирда, уларни мусодара қилиш ҳақида ҳам қарор чиқарилди.
Ким Гон Хи ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, унга қўйилган барча айбловларни рад этди. Унинг адвокати суд ҳукми устидан апелляция шикояти киритилишини маълум қилиб, суд айрим далилларга нотўғри ҳуқуқий баҳо берганини билдирди.






